Москванинг «Локомотив» клуби ярим ҳимоячиси Жасур Жалолиддинов ижара асосида «Тамбов»га ўтди. Бу ҳақда «темир йўлчилар» расмий сайтида хабар берилди.
Қайд этилишича, Жасур мавсум сўнгигача «Тамбов» шарафини ҳимоя қилади.
«Тамбов» РПЛ 10-туридан кейин 8 очко тўплаган ҳолда 13-ўринда кетмоқда.
Аввалроқ «Локомотив» легионерларга қўйилган лимит туфайли Жасурни Россия чемпионати қайдномасидан ўчирганди. Шунингдек, москваликлар Чемпионлар Лигаси қайдномасига ҳам ўзбекистонлик футболчини киритмади.
Жасур Жалолиддинов — 2002 йил 15 майда Навоийда туғилган. 2018 йил 2 август санасида «Бунёдкор» сафида Суперлига доирасида дебют ўйинини «Қўқон-1912»га қарши ўтказган. У дебют қилган вақтда 16 ёш 80 кунлик эди. Бу орқали у Ўзбекистон чемпионатида майдонга тушган энг ёш футболчига айланганди. 2019 йил октябрида The Guardian талқинига кўра, дунёнинг энг истеъдодли 60 футболчиси рўйхатида қайд этилган. 2019 йил якунларига кўра, Суперлиганинг энг яхши ўйинчиси деб топилган. 2019 йил декабрида Италиянинг «Беневенто» клуби кўригида бўлган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)