Россияда коронавирусга чалиниш бўйича янги ҳолатлар кескин кўпайиб кетган бир пайтда COVID-19 беморлари учун касалхоналарда бўш койкалар сони сезиларли тарзда қисқарди, диагностика бўлимларида эса компьютер томографияси (КТ)га кўп соатли навбатлар ҳосил бўлди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» газетаси беморлар ва уларнинг қариндошларига, шунингдек, баъзи ҳудудлар маъмурларига таяниб хабар бермоқда.

Фото: EPA

Москвада ва ҳудудларда ҳарорати юқори ва ўпкаси зарарланган одамларни касалхонага ётқизишдан бош тортишмоқда

Москвада «Коммерсантъ» ходимларидан бирининг турмуш ўртоғини касалхонага ётқизишдан бош тортишган, унинг тана ҳарорати 39 даражадан юқори бўлган, шунингдек, ўпкаси қисман зарарланган (25 фоиздан камроқ). Участка врачи чақирувга бир неча кун кела олмаган, тез ёрдам етиб келганидан кейин турмуш ўртоғи тўрт соат КТга навбат кутган, шифокор қабулига кириш учун яна бир неча соат кутган.

Москва соғлиқни сақлаш департаментида «Коммерсантъ»га маълум қилишларича, «КТ-марказларга юклама ҳақиқатан ҳам ошиб бормоқда», натижада одамлар ўз навбатини «бир соатдан ортиқ» кутиб қолиши мумкин. Департаментда COVID-19 га чалинган беморларни қабул қилувчи касалхоналар қанчалик тўлганига изоҳ бериб ўтиришмади. 5 октябрь куни Москвада коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар учун иккита захира госпитали очилди, улар қарийб икки минг кишига мўлжалланган.

Оренбург вилоятида шифокорлар ҳарорати 39 дан баланд бўлган ва ўпкаси анча зарарланган Новотроиск фуқаросини касалхонага ётиқизшдан бош тортишган. Улар койкалар етишмаслигини баҳона қилган.

Магнитогорскда, шифокорлар сўзларига кўра, КТга кўп соатли навбатлар юзага келган. Челябинскда аҳоли тез ёрдам келишини бир неча кунлаб кутиб қолишаётганидан шикоят қилган. Шунга ўхшаш ҳолат Ставрополда ҳам кузатилмоқда, у ерда аҳоли тез ёрдамни узоқ кутмоқда, терапевтлар чақирувларга келмаяпти, ҳарорати юқори беморлар эса врач қабулига кириш учун бир неча соатлаб кутмоқда.

Ёқутистонда КТ учун томографлар етишмаяпти, дейди маҳаллий аҳоли. Ҳудуд раҳбари Айсен Николаев маълум қилишича, аппаратлар тўлиқ банд бўлиб, аҳолини «бу текширувдан бекордан бекорга ўтмасликка» чақирди. Ёқутистон маъмурлари навбатлар юзага келмаслиги учун чоралар кўрмоқда.

Камида битта ҳудудда COVID-19 беморлари учун барча койкалар тугаган, бошқа жойларда тезкорлик билан камаймоқда

Удмуртия касалхоналарида коронавирус ва касалхонадан ташқаридаги пневмония беморлари учун барча жойлар тугаган. Бу июлда тайёрлаб қўйилган икки мингтадан ортиқ жойдир, дея маълум қилган ҳудуд раҳбари Александр Брачалов. Унинг сўзларига кўра, ҳудудда яна мингта қўшимча ўрин яратилади.

Ростов вилоятида касалхоналарнинг тўлиши 100 фоиздан ошди. Ҳудуд касалхоналарида COVID-19’га чалинган беморлар учун 1774 та койка тайёрланган, аммо 7 октябрь куни клиникаларда аллақачон коронавирус юқтириб олган 1797 киши ётган эди. Захирада яна 890 та жой бўлган, бироқ 7 октябрь куни Ростов-Донда учинчи коронавирус госпитали очилган ва 400 та койка захирадан чиқарилган.

Самара вилоятида ҳудуд маъмурлари касаллар учун 200 дан ортиқ қўшимча жой тайёрлаб қўйган, аммо кмойкалар деярли тугаган, шу туфайли, вилоятда яна 400 дан ортиқ қўшимча ўрин тайёрланмоқда.

Бошқирдистонда инфексион стационарларда жой етишмаяпти, дея маълум қилди ҳудуд раҳбари Радий Хабиров. Касалланган одамларни бирорта ижобий ўзгариш кузатилиши билан касалхонадан чиқариб юборишмоқда, КТни эса соатлаб кутишга тўғри келмоқда, дейди беморлар.

Петербургда 4,9 мингта койкадан 858 таси бўш. Шаҳар маъмурлари койкаларнинг умумий сонини 8,1 мингтага кўпайтиришни кўзламоқда. «Ленекспо» кўргазма залида 12 октябрь куни 2,5 минг беморга мўлжалланган вақтинчалик госпитал очилади.

Яна камида олтита ҳудудда коронавирус юқтириб олган беморлар учун жойлар деярли тугади. Масалан, Нижегород вилоятида 3153 та койкадан 345 таси, Воронеж вилоятида 3913 та койкадан 374 таси, Приморе ўлкасида — 1345 тадан 236 таси, Олтой Республикасида — 404 тадан 340 таси қолган. Магадан вилоятида инфексион касалхоналар ва бўлимлар 60 фоизга (Магаданнинг ўзида — 78%), Хабаровск ўлкасида — 73 фоизга (Хабаровскнинг ўзида — 92%) тўлган.

Россияда COVID-19 га чалиниш ҳолатлари сентябрдан бошлаб ўсиб бормоқда. Сўнгги уч кун — 6, 7 ва 8 октябрь кунлари мамлакатда ҳар куни 11 мингдан ортиқ коронавирус билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмоқда, бу май ойидаги максимал кўрсаткичга яқиндир.

6 октябрь маълумотларига кўра, Россиянинг 12 та ҳудудида, шу жумладан, Ставропол, Томск вилояти, Қрим ва Удмуртияда бир кеча-кундузда аниқланган касаллар сони бўйича баҳор — ёз бошидаги рекорддан ошиб кетилган. Бу ҳақда «Петербург сиёсати» фонди тадқиқотида айтилади.