Коронавирусдан соғайган АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатдаги тиббиёт муассасаларини COVID-19 касаллигидан даволайдиган бепул дорилар билан таъминлашга ваъда берди. Бу ҳақда у ўзининг Twitter’ига жойлаштирган видеомурожаатида айтиб ўтди, деб хабар беради Meduza.
Президентнинг сўзларига кўра, Regeneron препарати унинг даволанишида муҳим роль ўйнаган. Дорини қабул қилиши биланоқ у ўзини яхши ҳис қилган.
A MESSAGE FROM THE PRESIDENT! pic.twitter.com/uhLIcknAjT
— Donald J. Trump (@realDonaldTrump) October 7, 2020
«Мен ҳамма президент каби даволанишини хоҳлайман. Сиз ҳам мен қабул қилган нарса (дори)ни қабул қилишингизни истайман ва мен уни бепул қиламан. Бунинг учун пул тўламайсиз. Бу (пандемия)нинг содир бўлишида сиз айбдор эмассиз, бу Хитойнинг айби. Хитой бу мамлакатга ҳамда бутун дунёга қилган иши учун катта товон тўлайди», – деди Трамп.
Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трампни COVID-19’дан даволаш нархи 100 минг доллардан ошиши мумкинлиги ҳисоблаб чиқилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп ва унинг рафиқаси Меланиянинг 2 октябрь куни коронавирусга топширган тести ижобий чиққан. Сўнг у Уолтер Рид номидаги миллий ҳарбий тиббиёт марказига ётқизилган.
Дональд Трамп ўз тарафдорлари билан учрашиш учун бироз вақтга шифохонани тарк этгани хабар берилган эди. Шунингдек, у коронавирусга топширган биринчи тестининг жавоби ижобий чиққанини яширгани маълум бўлганди. 6 октябрь куни эса коронавирусга чалинган АҚШ президенти Дональд Трампга ҳарбий госпиталдан жавоб берилгани хабар қилинди.
Изоҳ (0)