• Профилга Кириш
  • 1744009905_435.svg 1744009905_642.svg

  • Сўнгги янгиликлар
  • Асосий янгиликлар
  • Энг кўп ўқилган
  • Колумнистлар
O'zbekcha
Русский
English
  • O'zb
  • Ўзб
  • Рус
  • Eng
  • O'zb
  • Ўзб
  • Рус
  • Eng
  • Сўнгги янгиликлар
  • Асосий янгиликлар
  • Энг кўп ўқилган
  • Колумнистлар
    • USD12904.51
    • RUB161.99
    • EUR14575.64
    • Google play
    • App Store
    • Telegram
    • Тошкентда
      +27°C
      • Андижон
      • Қарши
      • Бухоро
      • Самарқанд
      • Фарғона
      • Сирдарё
      • Жиззах
      • Термиз
      • Наманган
      • Тошкент
      • Навоий
      • Тошкент вил
      • Нукус
      • Урганч
    • Daryo
      • Интернет-нашр
      • Таҳририят
      • Алоқа маълумотлари
      • Фойдаланиш шартлари
      • Махфийлик сиёсати
      • Янгиликлар архиви
    • Реклама
    • Ижтимоий тармоқлар
      • Instagram | Расмий
      • Instagram | Лайфстайл
      • Instagram | Спорт
      • Facebook | Расмий
      • OK | Расмий
      • YouTube | Daryo
      • YouTube | Daryo Рус тилида
      • YouTube | Daryo Глобал
    Telegram Youtube Facebook Instagram Twitter vkontakte
    Daryo logo white
    • Ўзбекистон
      • Бошқалар
      • Навоий
      • Тошкент вилояти
      • Сирдарё
      • Жиззах
      • Қашқадарё
      • Сурхондарё
      • Хоразм
      • Бухоро
      • Самарқанд
      • Наманган
      • Фарғона
      • Aндижон
      • Қорақалпоғистон
      • Тошкент ш.
      • Меҳридарё
      • Об-ҳаво
    • Марказий Осиё
      • Ўзбекистон (Маҳаллий)
      • Афгонистон
      • Қирғизистон
      • Қозоғистон
      • Туркманистон
      • Тожикистон
    • Дунё
    • Пул
      • Бизнес
      • Иқтисодиёт
      • Молия
      • Крипто
    • Маданият
      • Кино
      • Китоб
      • Мусиқа
      • Шоу-бизнес
    • Лайфстайл
      • Аёллар саҳифаси
        • Фарзанд
        • Гўзаллик
        • Карьера
        • Маслаҳатлар
        • Мода
        • Рецептлар
      • Технологиялар
        • Архитектура
        • Гаджетлар
        • Илм-фан
        • Коинот
        • Медиа
      • Авто
      • Қўзиқорин
      • Саёҳат
      • Саломатлик
      • Таълим
        • Абитуриент
        • Инглиз тилини ўрганамиз!
    • Спорт
      • Футбол
      • UFC
      • Бокс
    infinix
    Daryo.uz - Login
    Daryo.uz Daryo.uz
    Daryo.uz - Login
    Ўзбекистон

    Журналистнинг саккиз ойлик саргардонлиги: Ҳуқуқ посбонлари айбдор бош шифокорни жаримага тортолмаяпти

    Қуйида ҳикоя қилмоқчи бўлганимнинг бошланишига сабаб бўлган воқеа аслида кичкинагина, арзимас бир масала эди. Шугина бартараф этилгач, мен келган йўлимда давом этган бўлардим, жамоатчиликка эълон қилгулик иш йўқ эди, аслида. Лекин воқеалар ривожи бутунлай бошқа томонга бурилиб кетди. Ҳар ишда бир ҳикмат бор, дейдилар – шу баҳона бош «мақсади халққа хизмат қилмоқ» бўлган бир қатор давлат идоралари халққа аслида қандай хизмат қилаётганини, халқни қандай сарсон-саргардон қилаётганини ўз танимда 8 ой мобайнида ҳис қилдим.

    Ҳожатхонага кириш — қоровулнинг рухсати билан

    10 март куни ўз юмушим билан Республика тери-таносил касалликлар шифохонасига кўрикка бордим. Навбатимни кутиб ўтиргандим, бир бемор ҳамширадан ҳожатхона қаердалигини сўради. Ҳамшира ташрифчилар учун бино ташқарисида алоҳида ҳожатхона борлиги, ундан фойдаланиш учун қоровулдан калитни олиш кераклигини айтди. Давлат шифохонасидаги — бу махсус қўриқланадиган объект ё карантин зонаси бўлмаса — ҳожатхонага кириш учун кимдандир «рухсат» олиш кераклиги ғалати кўринди. Ҳожатхонага кимлар кириши мумкинлигини тасаввур қилиб кўринг: шифохонага келган беморлар, ёши улуғ кексалар, хотин-қизлар — ҳар бирида ҳар хил вазият бўлиши, уялиши мумкин, тўғрими?

    «Ҳожатхонага кириб-чиқиш учун ҳам қоровулдан рухсат олиш керакмикан, деб аввалига ҳайрон бўлдим, кейин ҳақиқатан ҳам шундаймикин, деб қизиқишим ошди. Бориб суриштирсам, қоровулдан калитни олиб, ҳожатхонадан фойдаланиб бўлгач, уни қайта қулфлаб ёпиб, калитни яна қоровулга келтириб бериш керак экан. «Бу қоидани ким киритган?», деб сўрасам, қоровул: «Бош шифокорнинг топшириғи», деди. Бош шифокорнинг қабулхонасига чиқдим. Қабулхонада бир аёл ўтирган, фуқаро кийимида эса бир эркак турган эди. Аёлдан: «Бош шифокор борми?», деб сўрасам, фуқаро кийимидаги эркак: «Мен бош шифокорман, тинчликми?», деди.

    Шифохонанинг четдан келган беморлари учун мўлжалланган ҳожатхонаси

    Шифохонанинг четдан келган беморлари учун мўлжалланган ҳожатхонаси
    Фото: «Дарё»

    Ҳожатхона билан боғлиқ ҳолат бўйича изоҳ сўрадим (оддий фуқаро сифатида ҳам шундай савол беришга ва унга жавоб олишга ҳақим бор, ҳар ҳолда). Ўзини Ойбек Иброҳимов деб таништирган бош шифокор ҳақиқатан ҳам қоровулга шундай кўрсатма берганини, бу тартиб бош шифокор (яъни унинг ўзи) томонидан чиқарилган ички буйруқ билан жорий этилганини айтди. «Бунга сабаб — ҳожатхона яқинда таъмирдан чиқди, шароитларни яхшилаб қўйдик. Лекин кирганлар совун ва қоғозни ўғирлаб кетяпти. Чироқни ҳам ўчиришмайди, электр бекорга сарф бўлади. Бу харажатлар учун вазирлик бизга пул ажратмайди, шифохона ҳисобидан қоплаймиз», – деди бош шифокор.

    Бош шифокордан: «Ўша ички буйруқни кўрсата оласизми?», деб сўрасам, у: «Буйруқ йўқ, бу оғзаки топшириқ, адашиб кетибман», деди ва шундан сўнг қоровулдан рухсат олиш қоидасини бартараф этишини айтиб, яна қандай эътирозларим борлигини сўради. Мен унга, биринчидан, ёлғончилигини, ҳозиргина ички буйруқ бор деб туриб, буйруқни кўрсатиш сўралганида бу оғзаки топшириқ дейишга ўтиб олганини, берган ўша оғзаки топшириғи эса оддий инсонийликка тўғри келмаслигини айтдим.

    Фото: «Дарё»

    Бу қандайдир хусусий клиника эмас, балки республика миқёсидаги касалхона, бу ерга бутун мамлакатдан турли ёш ва жинсдаги беморлар келишини, бу топшириқда аввало хотин-қизлар ҳисобга олинмаганини қўшимча қилдим. Мисол сифатида аёлларда ҳар турли ҳолат бўлиши, ҳожатхонага кириш учун улар қоровулдан калит сўрашга уялишини айтиб, «Сизнинг ҳам аёлингиз бор-ку», дедим. Шу гапимдан кейин бош шифокор Иброҳимов: «Нега мени ҳақорат қиляпсан?», деб мени сўкиб, кўкрагимга ура бошлади. Котиба аёл ажратиб қўйди.

    Шундан сўнг 102 га қўнғироқ қилиб, шикоятимни қолдирдим. ИИБдан вакил келгунча Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаевга қўнғироқ қилдим. Менгача бош шифокор у билан боғланиб, ҳаммасини айтиб бўлган экан. Фурқат Санаев юз берган ҳолат учун кечирим сўраб, бош шифокор Ойбек Иброҳимовнинг узрини қабул қилишимни сўради. Мен бундай характерли одам бош шифокор сифатида ишлашга нолойиқ деб ҳисоблашимни, бош шифокор ўз хатти-ҳаракати учун қонуний жазо олиши лозимлигини айтиб, вазирлик ушбу ҳолат бўйича муносабат билдиришини сўраб, узрини рад этдим.

    Ҳолат бўйича ариза ва тушунтириш хатимдан сўнг ички ишлар органи ўз ишини бошлади. Мен ўзимдаги инкор қилиб бўлмас далилларни ишни олиб бораётган инспекторга бердим, бош шифокор Ойбек Иброҳимов ҳам айбига тўла иқрор бўлди. Минг афсуски, орадан шунча вақт ўтганига қарамай, айбига иқрор бўлган бош шифокорга нисбатан ҳеч қандай қонуний чора кўрилгани йўқ.

    Ҳокимият вакили ва «танка»си бор бирор кимсага нисбатан қонунбузарлик қилиб қўйсанг борми, ҳуқуқ-тартибот органлари шу қадар тез ишлайдики, худди андижонлик блогер каби атиги 15 дақиқа давом этган судда 15 суткага қамалиб қолганингни билмай қоласан. Лекин ҳокимият вакили сенга нисбатан ноҳақлик қилса, «отангга бор — онангга бор». Ички ишлар органлари, прокуратура, суд органларининг мана шугина оддий ишга нақадар лоқайд муносабатда бўлгани, ишни юритган ички ишлар органи вакилининг қонунбузарлик даражасидаги масъулиятсизлиги алоҳида катта мавзу.

    Жабрланувчини «терпила» дейдиган инспектор

    Бош шифокор Ойбек Иброҳимов оддий бир саволдан тутоқиб, сўкиб, қўл кўтарганидан сўнг, юқорида таъкидлаганимдек, 102 га қўнғироқ қилдим. Гўшакнинг нариги тарафидаги овоз эгаси нима бўлгани ва қаерда эканимни сўради, саволларига тўлиқ ва аниқ жавоб бердим. Кўп ўтмай энди менга қўнғироқ қилди — суҳбатдошим ҳақиқатан ҳам 102 га телефон қилган-қилмаганимни сўради, «Ҳа, ўзим қилдим», дегач, нима, қачон, қаерда бўлганини сўради. Унга ҳам ҳаммасини бошидан батафсил тушунтирдим. Беш дақиқа ўтар-ўтмас яна бошқа бир рақамдан қўнғироқ бўлди, у ҳам 102 га нега қўнғироқ қилганимни, қачон ва қаерда нима бўлганини сўради. Эринмай унга ҳам жавоб берди.

    Орадан 10 дақиқача ўтгач, ўзини Адҳам Аҳмаджонов деб таништирган инспектор қўнғироқ қилди. У ҳам қаерда, қачон, нима бўлгани ҳақида мендан сўради. Мен инспекторга ҳолатни ундан аввал қўнғироқ қилган уч ходимга тўла тушунтирганимни, унга бу иш бўйича ким топшириқ берган бўлса, тафсилотларни ўша кишидан сўраб олишини айтдим. Орадан 15-20 дақиқа ўтгач, инспектор Аҳмаджонов қўнғироқ қилиб қаерда турганимни сўради. Мен бош шифокор қабулхонасида турганимни айтгач, у телефонини ўчирмай кимгадир: «Тезроқ очиб беринг, ‘терпила’ ёзиб ташлаяпти», деди. Қабулхонага чиққач, инспектордан: «Кимни ‘терпила’ деяпсиз?», деб сўрасам, у: «Сизга эмас, шифохона эшигида турган ҳамшираларга айтдим», деди.

    Инспекторнинг тилидан чиққан «терпила» сўзини кўча-кўйда кўпчилик эшитган, бу сўз «сотқин», «бировнинг устидан ёзувчи» сифатида ёмон маънода қўлланилишидан аксариятимизнинг хабаримиз бор. Ички ишлар органи вакили ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга уринаётганларга бу «сифат»ни қўллаши, ким билсин, ўз ҳақини талаб қилганлар тартиб посбонларининг кўзига аслида қандай кўринишини билдирар (ҳар ҳолда «гуруч курмаксиз бўлмас»).

    Бўлган воқеани бош шифокор Ойбек Иброҳимов ёнида инспекторга тўла айтиб бердим. Бош шифокор мени ҳақорат қилганини тан олди, лекин урмаганини, фақат қўли билан итариб юборганини билдирди. Шунда ҳолатга қабулхонадаги видеокузатув камерасига ойдинлик киритиши мумкинлигини, тасвирларни кўриш кераклигини қўшимча қилдим. Бош шифокор камера Тошкент шаҳар ахборот марказига уланганини ва видеони ўша ердан олиш мумкинлигини айтди. Инспектор мендан ариза ва тушунтириш хати олиб, суд-тиббиёт экспертизасидан ўтиб келишим кераклигини, иш бўйича ўзи боғланишини билдирди.

    Аммо орадан икки кун ўтса ҳам боғланмади, охири ўзим қўнғироқ қилдим. Суҳбат давомида: «Видеоёзувлар олиндими?», деган саволимга инспектор: «Олишга ҳаракат қиляпман», деди. Бу орада экспертизадан ўтиб келдим; танамда жароҳат излари йўқлиги боис бош шифокорнинг қўл кўтарганини исботлаш учун видеоёзув кераклигини айтдим. Шу билан ҳар икки кунда бир инспекторга телефон қилиб, видеотасвирларни сўраб турдим, у бўлса ҳар сафар «оляпман», «ишни кўряпман» дейишдан чарчамади. Бир сафар: «Видеоёзувлар ўчиб кетиши ё қасддан ўчириб ташланиши мумкин», деб огоҳлантирсам, инспектор: «Ўчиб кетмайди, ўчириб юборса, жавоб беради», деб ўзича хотиржам қилмоқчи бўлди. Ва мендан уни шошилтирмасликни, қонун бўйича ишни кўриш муддати 10 кун экани, шу вақт тугашини кутишни айтди.

    Касалхонада юз берган воқеадан 8 кун ўтгач, инспекторга телефон қилиб, яна видеоёзувларни сўрасам, у бош шифокор Ойбек Иброҳимовга «флешка» берганини, бош шифокор иш учун зарур видеотасвирларни кўчириб беришини айтди. Инспекторнинг бу гапини эшитиб на кулишни, на йиғлашни билмай қолдим. Бир фуқарони уриб, ҳақорат қилишда гумонланаётган одамга: «Шу қилмишингни исботлайдиган видеоларни мана бунга ташлаб бер», дейишганини қаерда кўргансиз? Айбдор ўзини фош қиладиган ҳар қандай фактни йўқотишга ҳаракат қилиши ҳар қандай ақли расо одамга аён-ку! Бу ҳолатдан аччиғим чиқиб, Тошкент шаҳар ИИББга бордим, улар мени Миробод туман ИИБга юборди.

    Туман ИИБ бошлиғининг икки ўринбосари кутиб олиб, воқеа ҳақида сўраб, сўнг инспектор Аҳмаджоновни ҳам чақиришди. Мен асосий мақсад видеони олиш эканини, даъвомни шу орқали исботлай олишимни, бу вазиятда инспекторнинг бош шифокорга – гумон қилинувчига «флешка» бериши мантиқсизлик эканини айтдим. Шунда «замначалник»лар инспекторини койиган бўлиб, унга юзланишди. Инспектор эса видео масаласида бош шифокордан хат олганини, хатда воқеа юз берган куни камера носоз бўлгани таъкидланганини айтди. Шу гапдан кейин ўзимни тутиб туролмадим, учаласига қарата: «Шу қадар ‘профессионал’ тарзда ишлаётган бўлсанглар, тўлаётган солиқларимга рози эмасман», деб чиқиб кетдим.

    Эртасига, 19 март куни Тошкент шаҳар прокуратурасига бориб, инспекторнинг хатти-ҳаракатлари устидан шикоят ёздим. Беш кун ўтиб шикоятимга Миробод прокуратурасидан жавоб келди. Хатда, жумладан, шундай дейилган эди: «Сизни қўпол сўзлар билан ҳақорат қилганлиги сабабли Республика тери касалликлари шифохонаси бош шифокори Ойбек Иброҳимовга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида иш қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун Миробод тумани маъмурий судига юборилган. Инспектор Адҳам Аҳмаджонов сизни ҳақорат қилганлиги важларингиз юзасидан унга нисбатан хизмат текшируви тайинланганлиги маълум қилинади».

    Фото: «Дарё»

    Коронавирус эпидемияси сабаб 20 мартдан эътиборан карантин ўрнатилгач, Олий суд судлар фаолиятини вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида қарор чиқарган эди. Шу боис суд бошланса, чақиришса керак, деб ўз ишимда давом этдим. Бу орада, апрелда, ўзини Миробод туман ИИБдан деб таништирган ходим, инспектор Аҳмаджонов устидан хизмат текшируви кетаётгани, нега унинг устидан шикоят қилганим ҳақида ариза ёзиб беришимни сўради. Карантин бўлгани боис ИИБга боролмаслигимни, бўлган воқеаларнинг барини прокуратурага топширган аризамда ёзиб берганимни билдирдим. Шу билан орадан уч ой ўтиб кетди, лекин на судга чақирув бўлди, на инспектор устидан тайинланган хизмат текшируви натижалари маълум қилинди.

    Отанга бор, онангга бор – журналист отма таёқ

    Бу орада карантин юмшаб, судлар қайта ишга тушди. Шу боис июнь ўрталаридан бошлаб то 1 июлгача инспекторга тинимсиз қўнғироқ қилдим, лекин у бирор марта қўнғироқларимга жавоб бермади. Мажбур Миробод туман прокуратураси билан боғланиб, инспекторга тайинланган хизмат текшируви натижаларини сўрадим. Прокуратурадагилар туман ИИБ томонидан берилган маълумотда текширув натижаси фуқарога (яъни менга) етказилгани қайд этилгани, бу масала бўйича туман ИИБга боғланишим кераклигини айтишди. Туман ИИБга прокуратура берган хат рақамларини айтсам ҳам икки кун уриниб, менга юборилган (!) хатни топиб бера олишмади ва охири: «Бизда бундай маълумот йўқ», деб жавоб беришди.

    Сарсонгарчиликлардан зада бўлиб, 3 июлда Тошкент шаҳар ИИББ билан боғландим, улар Миробод туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Исроилов (ҳозир бошқа туманда хизмат ўтамоқда) билан боғлаб берди. У киши ўтган воқеаларнинг барча тафсилотларини эшитгач, эртасига (4 июль куни) масалага ойдинлик киритиб беришини, «қочиб юрган» инспектор эса ўзи менга қўнғироқ қилишини айтди. Ҳақиқатан ҳам 10 кундан бери боғланиб бўлмаётган инспектор туман ИИБ бошлиғи ўринбосари қабулидан чиқишим билан қўнғироқ қилди: бош шифокор билан боғлиқ иш аллақачон судга юборилганини, суд пандемия сабабли қолдирилгани, суддагилар «ўзимиз чақирамиз» деб ҳалигача чақирмаганини айтди.

    4 июль куни Миробод туман ИИБда Жаҳонгир Исроилов инспектор устидан тайинланган хизмат текшируви натижасини ярим соат деганда излаб топиб, нусха олиб берди. Хат юборилган бўлса-да, менга етиб келмаганининг сабаби — у бошқа манзилга юборилган экан. Текширув хулосасида таъкидланишича, инспектор Адҳам Аҳмаджонов томонидан аслида қонун бузилишига йўл қўйилмаган, лекин «сиз билан мулоқот чоғида тушунмовчилик келиб чиқишига йўл қўйгани, яъни хизмат олиб боришда мулоқот этикасига риоя этмасдан, бошқаларга бўлса-да (яъни, барибир менга эмас, бошқаларга! — М.И.) ноўрин сўзлар ишлатгани натижасида сизнинг юқори турувчи органларга мурожаат қилишингизга сабаб бўлганлиги учун, амалдаги буйруқ талабларини бузганлиги учун унга берилган ҳаракатдаги танбеҳ интизомий жазоси билан чекланилган».

    Фото: «Дарё»

    Шундай қилиб, текширувда мен қўйган асосий масала — видеотасвирлар олинмаганига умуман эътибор қаратилмаган, фақат бошқаларга бўлса-да айтилган ҳақоратга умумий баҳо берилган. Хулосадан маълум бўляптики, инспектор аввал ҳам танбеҳ интизомий жазоси олган, шунга қарамай, яна маълум бир қоидаларни бузмоқда, бас шундай экан, жазо сал каттароғига ўзгармайдими? Танбеҳ олаверадиган бундай ходим шу зайлда ишлашда, бошқа фуқароларни ҳам мана шундай сарсон қилишда давом этаверадими? Саволлар жуда кўп… Жаҳонгир Исроилов ҳолатга ойдинлик киритиш учун инспектор Аҳмаджоновни чақиртириб, олдимда суҳбатлашди.

    Инспектор ишни судга оширганини, суднинг жавобини кутаётганини, суд вақтинча карантинга олингани учун ариза ҳозир қайси жараёндалигини билолмаётганини айтди. Видеони нима учун олмагани сўралганида у камерани текширганини ва у ўша куни соз ҳолатда бўлганини айта бошлади (18 март куни худди шу инспектор камера воқеа юз берган куни бузуқ бўлганини айтгани ёдингиздадир?). Шунда Жаҳонгир ака инспекторга: «Тергов сирларини фуқарога айтманг», деди (ахир мен жабрланувчи бўлсам, нега менга айтмаслиги керак, қизиқ?). Суҳбат охирида туман ИИБ бошлиғи ўринбосари томонидан инспекторга ҳар куни мен билан боғланиб, ахборот бериш ва нега шу вақтгача иш судда кўрилмаётгани ҳақида маълумот бериш кераклиги тушунтирилди. Ўша кунги мен билан суҳбатда Жаҳонгир Исроилов ишни қайтадан кўриб чиқиш мақсадида фуқароларни қабул қилиб олиш китобига шикоятимни ёзиб олган эди. Мана орадан 4 ой ўтибдиямки, ўша мурожаатимга ҳалигача жавоб келганича йўқ (бу ходим ҳозир бошқа туманга ишга ўтган, демак, шикоятлар ҳам ўзи билан кетгандир, балки).

    Шу билан инспектор Аҳмаджонов яна икки кунга йўқолди, охири яна ўзим боғланиб, маълумот сўрадим. У ишни 19 март куни судга оширгани, прокуратура ишнинг қайтиши сабаблари бўйича изоҳ сўраганида пандемия сабаб шундай бўлганини айтиб, ҳужжатларни прокуратурага берганини, ҳужжатлар бир ойча прокуратурада қолиб кетганини, 26 июнь куни ишни яна қайтадан судга топширганини айтди. Шу айтганларини ёзма маълумот кўринишида беришини сўрадим, у бунинг учун раҳбарияти билан маслаҳатлашиб олиши кераклигини айтди. Бир неча қўнғироқ қилавериб, ҳоли-жонига қўймаганимдан сўнг охири маълумот тайёрлаб берди.

    Фото: «Дарё»

    «Фуқаро Ойбек Иброҳимов хатти-ҳаракатида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланиб, ушбу моддага асосан йиғилган ҳужжатлар қонуний қарор топиши учун Миробод тумани маъмурий судига юборилди», — дейилади инспектор берган маълумотда. Лекин хатда нима учун иш шу вақтга қадар судда кўрилмаётгани сабаблари айтилмаган. Қизиғи, менга хизмат текшируви натижалари 31 март куни юборилган, ваҳоланки айнан шу текширув бўйича Миробод туман ИИБ ходими апрель ойи ўрталарида қўнғироқ қилгани ҳақида юқорида ёздим. Хатдаги имловий хатолар ҳақида гапирмай қўя қолай — бу хатоларни кўриб, булар чиқарган хатолар бегона манзилларга кетиб қолиши бежиз эмас экан, деб ўйлаб қоласан киши.

    Суд ижрони тугатган, инспектор бундан бехабар!

    Миробод туман ИИБ берган маълумотларга ойдинлик киритиш мақсадида Олий суд ахборот хизмати билан боғландим, улар бу иш бўйича Миробод тумани маъмурий суди судьяси Суҳроб Толипов изоҳ беришга тайёрлигини айтди. Судья Толипов иш аллақачон, аниқроғи, 24 июнь куни очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, ҳаракатдан тўхтатиш бўйича қарор ҳам қабул қилинганини айтди. Ваҳоланки, инспектор Аҳмаджонов бу суд энди бўлишига нафақат мени, балки бошлиқларини ҳам ишонтирмоқчи бўлиб юрганди. Суд қарорида кўрсатилишича, бош шифокорга нисбатан маъмурий иш жазони қўллаш муддати (уч ой) ўтиб кетганлиги сабаблиги ҳаракатдан тўхтатилган.

    Фото: «Дарё»

    Ишни кўриб чиқиш нима сабабдан уч ойдан ошиб кетган? Судья Толиповнинг айтишича, иш ҳақиқатан ҳам 19 март куни судга келган, лекин пандемия сабабли судлар фаолияти вақтинча тўхтатилган. Карантин юмшагач, судья 28 апрель куни ишни кўриб чиқиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани жўнатишда назарда тутилган тартиб бузилгани сабабли ишни ўша куниёқ инспекторга қайтариб юборган; суднинг хати 29 апрель куни ИИБга етиб борган. Орадан икки ой ўтгач, 23 июнь куни туман ИИБ ишни қайта кўриб чиқиш учун яна судга олиб чиққан.

    Олий суд Плениумининг 2018 йил ноябрдаги қарорига кўра, иш ҳужжатини ўрганиш даврида бирор-бир тугатиш аломатлари аниқланса, тугатилади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси (маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш тартиби )нинг 7-банди маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш пайтига келиб ушбу кодекснинг 36-моддасида назарда тутилган (жиноят ишини қўзғатиш рад этилган ёки жиноят иши тугатилган бўлса-ю, лекин ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлса, маъмурий жазо чораси жиноят иши қўзғатишни рад этиш ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисида, агар ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган муддатлар ўтмаган бўлса, қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин) муддатлар ўтиб кетган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.

    «Мен ишни кўрганимда жиноят ишини рад этиш қарори 18 март куни қабул қилинган. Шунинг учун ишни мазмунан кўра олмайман, сабаби муддати ўтиб кетган, уни тугатишга мажбурман», — деди судья Толипов. Демак, Миробод тумани маъмурий суди маълумотига ишонсак, иш апрелда карантин сабабли эмас, балки инспекторнинг маъмурий баённома тузишдаги нўноқлиги учун қайтарилган. Демак, инспектор журналист (мен)га ҳам, ўз раҳбариятига ҳам нотўғри (балки, бундан улар ўзаро хабардордир, келишиб олган бўлиши мумкин-ку) ахборот бериб келган.

    Инспектор Адҳам Аҳмаджонов ички ишлар тизимида кўп йиллардан буён ишлаб келаётганини, шунга яраша капитан унвонига эга эканлигини ҳисобга олсак, иш жараёнида энг кўп тузиладиган баённомалардан бири – Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси бўйича баённома расмийлаштиришни яхши ўзлаштириб олган ва қандай хатти-ҳаракат билан (масалан, маъмурий баённомани тартибга зид равишда тўлдириш) бундай ишларни ҳаракатдан тўхтатиш мумкинлигини яхши билиши эҳтимоли катта. Энг оғриқли нуқта шундаки, Миробод туман ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ бошлиғи А.Садиков томонидан 9 июль куни менга тақдим этилган маълумотда иш судда эканлиги айтилган. Яъни ИИБ бошлиғи ҳам, инспектор ҳам улар берган маълумотдан 15 кун аввал суд ишни ҳаракатдан тўхтатилганидан бехабар (ҳозиргача ҳам хабари бўлмаса керак – хабари бўлса, менга айтмасмиди?).

    Прокуратура ҳам мум тишлаган

    Саргардонликларимнинг охирида (охиримикин?) пойтахт прокуратурасидан изоҳ олдим. Унда таъкидланишича, бош шифокор билан боғлиқ ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар 19 март куни Миробод туман маъмурий суд томонидан қабул қилиниб, 28 апрель куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс талаблари бузилгани сабаб Миробод туман ИИО ФМБга қайтарилган. Камчиликлари бартараф этилган ҳужжатлар икки ой ўтгач, 23 июнь куни Миробод туман маъмурий судига қайтадан юборилган. Инспектор Аҳмаджонов иш нима учун икки ойдан сўнг судга юборилгани юзасидан прокуратурага шундай изоҳ берган: «Тўпланган ҳужжатларни судга ўз вақтида юборганман, суд томонидан ҳужжатлар асоссиз қайтарилиб, сўнг 23 июнга қадар пандемия сабабли қабул қилинмаган».

    Миробод тумани прокуратураси тўпланган ҳужжатлар ўз вақтида кўриб чиқилмаганлиги ҳамда иккинчи маротаба қабул қилинмаганлиги юзасидан Тошкент шаҳар маъмурий судига ахборотнома киритилиб, шаҳар судининг i.toshkent@sud.uz электрон сайтига суд томонидан ҳужжатларнинг асл нусхаси пандемия сабабли қабул қилинмаганлиги учун юборилгани айтилди. Лекин ҳанузгача ўша киритилган ахборотномадан ҳам дарак йўқ.

    Хулоса ўрнида

    Бу воқеалардан кейин журналист сифатида шуни хулоса қилишим мумкинки, ички ишлар органлари (айниқса, Тошкент шаҳар ИИББ) томонидан оммага «ундоқ қилдик, бундоқ қилдик» деб тақдим этилган рақамлари жуда шубҳали. Улар айтаётган туб ислоҳотларни мен ўзимнинг бошимдан кечирган воқеалар ривожида кузатмадим. Бундай хулосага келишимнинг яна бир сабаби яқиндагина карантин қоидаларини бузгани учун бир хонандани жаримага тортдик, деб бутун пойтахт аҳолисини – ўз солиқ тўловчиларини уялмасдан алдашди. Бош бошқарма шундай қилиб турганда тумандаги инспекторнинг «ўйин»ларини оддий ҳолат деб қабул қилдим.

    Аслида мени икки тизим – ички ишлар органлари ҳам, суд ҳам лақиллатаётган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Сабаби иккала томон берган маълумотлар бир-бирига зид келмоқда. Бунинг устига кимсан, республикадаги саноқли шифохонанинг бош шифокорини устидан арз қилган бўлсам. Бу бир фуқаро, журналист ёки блогер эмаски, кечаси бўлса ҳам олиб бориб «тиқиб» қўйгани.

    Шу воқеалар бошланганига орадан 8 ой вақт ўтди ҳамки (кичкина маъмурий иш –  аслида 10 кунда ҳал бўладиган масала, аслида) ҳалигача натижа йўқ! Мен бу вақт оралиғидаги сарсонгарчиликлар, асаббузарликларни қоғозга туширсам, бир достон бўлади. Ўйлаган сари ичингдан ёниб кетасан, нима битта бош шифокорни маъмурий жаримага тортиш шунчалик қийинми? Журналист сифатида (мақтаниш эмас-ку, мамлакатдаги энг йирик сайтнинг мухбири бўла туриб) бошимдан шунча сарсонгарчиликларни ўтказяпман. Оддий фуқаро бундай ҳолатда нима қилишини тасаввур қилишга ҳам қўрқасан киши!

    08.10.2020, 17:42   Изоҳ (0)   31204
    Facebook Twitter LinkedIn Telegram Email

    Изоҳ (0)

    Кириш
    Жавоб қолдиринг Бекор қилиш

    Мавзуга доир

    Тошкент метрополитенида 1 ноябрдан жетонлардан фойдаланиш тўхтатилади

    08.10.2020, 17:12

    Украинанинг SkyUp Airlines компанияси Тошкент ва Киев ўртасида мунтазам авиақатновларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда

    08.10.2020, 16:41

    Ўзбекистон август ойида 31,7 тонна олтин сотгани маълум бўлди

    08.10.2020, 16:11

    Ўзбекистон марказий деҳқон бозорларидаги айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархи маълум қилинди

    08.10.2020, 15:13

    Тошкентга Қозон, Самара ва Новосибирскдан қўшимча чартер рейслар амалга оширилади

    08.10.2020, 14:28

    Ўзбекистондаги банкларда доллар курси 3 кун ичида иккинчи марта кўтарилди

    08.10.2020, 13:11
    ×Lightbox Image

    Daryo.uz | Сизнинг муаммоингиз ечими


    Энг чуқур ғор, энг баланд кўприк ва энг сирли маскан – Наманганга борамиз


    Оқтепа Лавашдан “Кулгили нархлар”: севимли таомлар — ҳар бир позиция 10 мингдан 20 минг сўмгача бўлган махсус нархларда


    Жамғармалар билан қандай ишлаш зарур: банк омонатлари, акциялар ёки инвестицион пакетлар? (давоми)


    AKFA Medline University Hospital AHA расмий ўқув маркази мақомини қўлга киритди


    ANORBANK Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси билан 10 миллион АҚШ долларига тенг келишув имзолади


    Centrum Air Истанбул ва Ўзбекистоннинг уч шаҳри ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўймоқда



    Тармоқда болалар хавфсизлиги : Octobankдан маслаҳатлар


    Huawei Cloud TechWave Summit 2025: Яқин Шарқ ва Марказий Осиёда муваффақиятни ошириш учун интеллектуалликни тезлаштириш 


    Huawei Ўзбекистондаги “Теч Carnival”да Интеллектуал дунё ривожини жадаллаштирмоқда


    Kapitalbank ходимларининг рақамли кўникмаларини ривожлантирмоқда 


    Mobiuz IQAir ҳаво сифати датчигини ўрнатди


    Илғор қурилиш технологиялари асосида қад ростлаётган Қуйи Чотқол ГЭС


    ZTE корхонаси GSMA М360 Евросиё форумида суний интеллект рақамли иқтисодиёт ривожига қўшаётган ҳиссаси ҳақида маълумот берди


    APEX BANK Тошкентда Бош офис ва Марказий сотув офисини очди

     

    Тавсия этамиз

    Аёл овчилардан илғор самолётларга қадар — Украина рус Shahed’ларини қандай овлайди?

    19 май, 20:10

    “Ленд-Лиз” ёрдами совға бўлмаган — Британия иккинчи жаҳон урушида берилган ёрдамни қандай қайтарган эди?

    19 май, 15:00

    “Ёвузлик империяси заминимизга ҳеч қачон қайтмаслиги учун” — жамоатчилик ўроқ-болғали қизил байроқ ва қора-оловранг лентани тақиқлашни сўрамоқда

    13 май, 22:22

    Улар доим дунёда энг яхшиларидан бўлган — покистонлик ҳарбий учувчилар ҳақида

    12 май, 21:30
     
     
     

    Сўнгги янгиликларга ўтиш

    Қуёш атрофида Ердан ўн баробар катта “қуш” кўринди

    Дунё | 26 май, 00:18

    “Дарё” видеорепортажи: Наманганда 64-халқаро гуллар фестивали бошланди

    Ўзбекистон | 26 май, 00:06

    Ўзбекистон U-17 терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги рақиблари маълум бўлди

    Спорт | 26 май, 00:02

    Ироқда сув захиралари рекорд миқдорда камайди 

    Дунё | 25 май, 23:30

    Суперлига. “Динамо” камбек амалга ошириб, “Қизилқум”дан устун келди

    Спорт | 25 май, 23:27

    Қорақалпоғистонда инспектор қувган йигит мактаб ўқувчиси эмаслиги аниқланди (видео) 

    Ўзбекистон | 25 май, 23:17

    АПЛ. Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” билан Англия чемпионати бронза медалига эга чиқди

    Спорт | 25 май, 22:42
    Daryo About Us

    «Daryo» интернет-нашрининг (Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (ЎзМАА, ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги) томонидан 13.03.2015 йил санасида 0944-сонли гувоҳнома билан оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган). Матнли материалларини тўлиқ кўчириш ёки қисман иқтибос келтиришга, шунингдек, фотографик, график, аудио- ва/ёки видеоматериалларидан фойдаланишга daryo.uz сайтига гиперҳавола мавжуд бўлган ва/ёки «Daryo» интернет-нашрининг муаллифлигини кўрсатувчи ёзув илова қилинган тақдирда йўл қўйилади. Чоп этиладиган баъзи маълумотлар 18 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларга мўлжалланмаган бўлиши мумкин. Info@daryo.uz

    Telegram Youtube Facebook Instagram Twitter vkontakte

    © «Simple Networking Solutions» МЧЖ, 2013–2025

    Ёш бўйича чеклов

    Хато топдингизми? Ctrl+Enter тугмаларини босинг

    • Фойдаланиш шартлари
    • Махфийлик сиёсати
    • Реклама
    Нимани қидирамиз?

    Sign In or Register

    Хуш келибсиз!

    Тизимга киринг ёки Рўйхатдан ўтинг.

    Google

    ёки Э-Почта орқали

    Изоҳ қолдиришингиз, Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилганингизни англатади

    Рўйхатдан ўтинг

    Рўйхатдан ўтганмисиз? Login.

    Google

    ёки Э-Почта орқали

    Сизга парол электрон почта орқали юборилади.

    Изоҳ қолдиришингиз, Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилганингизни англатади

    Матнда хато топдингизми?

    ×

    Раҳмат. Биз сизнинг хабарингизни олдик ва хатони имкон қадар тезроқ тузатамиз.