УЕФА 2019/20 йилги мавсумнинг энг яхши ўйинчиси номига даъвогарлар рўйхатини эълон қилди.
Европанинг энг яхши ўйинчиси номига «Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Кевин де Брюйне, ҳужумчи Роберт Левандовски ва дарвозабон Мануэль Нойер (иккиси — «Бавария») даъвогарлик қилмоқда.
Ғолиб номи 1 октябрь кунги Европа Чемпионлар Лигаси қуръа ташлаш маросимида эълон қилинади.
Де Брюйне ортда қолган мавсумда Премьер Лигада 20 та голли узатма амалга оширган ҳолда, рекордни такрорлади ва лига доирасида 13 та гол урди.
Левандовски «Бавария» сафидаги 47 ўйинда 55 та гол урди. Польшалик футболчи жамоаси билан требл қайд этишдан ташқари, учта мусобақа (Германия чемпионати ва Кубоги, ЕЧЛ) тўпурарига айланди.
Нойер «Бавария» сафида Бундеслига 2019/20 йилги мавсумида фақат битта ўйинда гол ўтказиб юборди. Чемпионлар Лигасида барча ўйинларда майдонга тушиб, уларнинг олтитасида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)