Денге безгагини бошдан ўтказганлар муайян даражада COVID-19’га қарши иммунитетга эга бўлиши мумкин. Бу ҳақда АҚШнинг Дюк университети профессори Мигел Николелис томонидан олиб борилган ва ҳали эълон қилинмаган тадқиқотга асосланиб, Reuters хабар бермоқда.
Олим, хусусан, коронавирус ва денге безгаги тарқалишини географик принцип бўйича таққослаган. Таққослаш натижасида 2019 ва 2020 йилда денге безгаги авж олган ҳудудларда коронавирус инфекцияси камроқ тарқалганини аниқлаган. Бу денге безгаги билан касалланиб чиққанларда COVID-19’га қарши қисман антитана ишлаб чиқилади, деган хулосага келиш имконини беради.
Николесиснинг айтишича, агар бу гипотеза рост бўлиб чиқса, денге безгаги билан касалланиш ёки денгега қарши самарали ва хавфсиз вакцина билан иммунизациялаш коронавирусга қарши муайян даражада иммунологик ҳимояни таъминлаши мумкин.
Бундан ташқари, профессор аввал ўтказилган тадқиқотлар ҳам денге безгаги билан касалланиб тузалганлардан олинган таҳлиллар COVID-19 антитанасига сохта ижобий натижа кўрсатганлигини эслатиб ўтган. Олимнинг фикрича, бу икки вирус турли оилаларга тегишли бўлса-да, уларнинг иммунологик боғлиқлигидан далолат бериши мумкин.
Изоҳ (0)