Сентябрь ойининг учинчи ҳафтаси ҳам бир қатор эътиборга молик ҳодисалар билан ёдимизда қолди. Бугунги дайжестимиз жаҳон сиёсий майдонида юз бераётган янгиликлар ҳақида.

Коронавирус

Ёзда чекингандек кўринган COVID-19 касаллиги яна хуруж қилишни бошлади. Бу, айниқса, Европа Иттифоқи давлатлари, Исроил ва Ҳиндистонда тезлик билан ўсиб бормоқда. Ҳиндистонда касалланганларнинг умумий сони беш миллиондан ошиб кетди. Ўтган ҳафта давомида Исроил касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида уч ҳафталик карантин режими жорий этилишини эълон қилди. Бироқ мамлакат вазирлари кескин карантин чоралари қўлланилишига қарши чиқди.

Фото: The New Yorker

Европа Иттифоқидаги Австрия ва Чехия каби давлатлар мамлакатда касалликнинг иккинчи тўлқини бошланганини эълон қилди.  Эстония эса касаллик сабаб ғалати тақиқ жорий қилди. Унга кўра, мамлакатда тунги пайтда алкогол маҳсулотларини сотиш тақиқлаб қўйилди. Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон эса мамлакатда қайта карантин жорий этилиши мумкинлигини маълум қилди.

Ўтган ҳафтада касаллик илк тарқалган Ухань шаҳри пандемия бошланганидан буён илк бор халқаро парвозни қабул қилди. Маълум қилинишича, Жанубий Кореянинг T'Way Airlines авиакомпанияси 16 сентябрь куни Сеул—Ухань—Сеул йўналишида парвозни амалга оширди. Рейс Boeing 737-800 самолётида ҳафтада бир марта, чоршанба кунлари амалга оширилади.

Бу орада АҚШнинг Хитойдаги элчиси COVID-19 эпидемиясини Уханда ушлаб қолиш мумкин бўлганини айтди. «Коронавирусни Уханда ушлаб қолиш мумкин эди, якунда эса бутун дунё бўйлаб пандемияга айланиб кетди», деди америкалик дипломат. «Хитойдаги тизим шундайки, улар вазиятни яширган ва ҳатто бошида хавф ҳақида огоҳлантирган шифокорларни жазолаган», дея таъкидлади Бранстед. Шунингдек, у АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашувида жавобгарликни Пекиннинг зиммасига юклади.

Коронавирус инфекциясидан ўлим сонининг камайиши ва унинг тарқалиш потенциалининг ошиши вируснинг одамларга мослашганидан далолат бериши мумкин, деб хабар бермоқда «РИА Новости» «Роспотребнадзор» матбуот хизматига таяниб. Агар бу тенденция давом этса, COVID-19 мавсумий касалликка айланади. «Афтидан, келажакда ЎРВИ мавсумий қўзғатувчилари структурасига интеграциялашган SARS-CoV-2 кўринишида давом этиши мумкин», дейилади хабарда. Апрель охиридан буён ўлимлар сони 7,2 фоиздан 3,2 фоизгача камайгани таъкидланди.

Аввалроқ «Роспотребнадзор» айни пайтда дунёда бир неча минг коронавирус мутацияси мавжудлиги, бироқ улардан фақат 22 таси собит ва барқарор мерос бўлиб қолиши қайд этилганини маълум қилганди. Қозоғистон коронавирусга қарши вакцинанинг илк синовларига рухсат берган бўлса, АҚШда октябрь ойи ўрталаридан оммавий вакцинация бошланиши мумкин.

Фото: AP Photo

Айни дамда коронавирус билан боғлиқ ҳолатларни онлайн кузатиб бораётган covidvisualizer.com сайтига кўра, бутун дунёда касалликка чалинганларнинг умумий сони 31 миллиондан ошди. Шундан 962 мингдан ортиқ бемор вафот этган бўлса, 22,5 миллиондан ортиқ бемор касалликдан тузалиб кетди. Айни дамда дунёда 7,5 миллионга яқин бемор даволанмоқда.

Беларусда нима гап?

9 августда Беларусда бўлиб ўтган президентлик сайловлари натижаси ортидан юзага келган ижтимоий-сиёсий таранглик ҳамон давом этмоқда. Бу борада ўтган ҳафта Беларусда бир қатор кўзга кўринган ҳодисалар рўй берди. Улар орасида энг муҳими ҳафта бошида мамлакат президентининг Россияга ташрифидир. 14-сентябр куни Александр Лукашенко расмий ташриф билан Россиянинг Сочи шаҳрида бўлди ва у ерда Россия президенти Владимир Путин билан учрашди.

Россия Беларусдаги сайловлар натижасини тан олади ва Александр Лукашенкони мамлакатнинг қонуний президенти деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Лукашенко ва Путин ўртасидаги музокаралар якуни бўйича маълум қилди. «Александр Григоревич Беларуснинг легитим президенти ҳисобланади. Сайлов натижасини тан олмаган инсонлар қардош Беларусь давлатининг фуқаролари бўлиб, уларнинг барчасини қадрлаймиз ва яхши кўрамиз. Бироқ Беларусда содир бўлаётган барча ишлар конституцияга хос бўлмаган шаклда эмас, балки ҳуқуқий майдонда бўлишини хоҳлаймиз», дейди Песков.

Шунингдек, Песковнинг таъкидлашича, Россия Беларусь иқтисодиётига ёрдам кўрсатиб келган ва уни қўллаб-қувватлашда давом этади. Президент матбуот котибининг сўзларига кўра, Москва 1,5 миллиард доллар миқдоридаги кредитни Лукашенкога эмас, Беларусга бермоқда. Маълумот учун, 2020 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Россия кредитлари Беларусь ташқи қарзининг 48 фоизини ёки 7,92 миллиард долларни ташкил этди. 2008 йилдан бери Россия ҳукумати ва Россиянинг ташқи иқтисодий фаолият банки Беларусга камида саккизта кредит ажратган.

Фото: «TUT.by»

Август ойи охирида Александр Лукашенко Владимир Путин билан Минскка илгари берилган бир миллиард долларлик кредитни қайта молиялаштиришга келишиб олганини маълум қилди. Сентябрда Беларусь ҳукумати Россия ҳукуматига 2021 йилда давлат қарзини 600 миллион доллар миқдорида қайта молиялаштириш тўғрисида ариза юборгани маълум бўлди. Шунингдек, Американинг Bloomberg нашри Россиянинг Беларусдаги намойишлардан ҳайратда эканини, бироқ бу Лукашенкони йиқитишга етарли эмас деб ҳисоблашини маълум қилган.

Таъкидланишича, Москва Лукашенкога ишонмайди, бироқ кўча акциялари йўли билан Беларусь ҳукумати тепасига мухолифатнинг келишига йўл қўйишни ҳам истамайди. Шу сабабли Россия Лукашенкони босқичма-босқич ҳокимиятни топширишга даъват этган ҳолда қўллаб-қувватлашни давом этмоқда. Россия Беларусдаги сайловларни тан олган бўлса, Европа Иттифоқи бундай қилиш истагида эмас. Жумладан, Европа парламенти Беларусдаги вазият юзасида резолюция қабул қилди. Meduza’нинг хабар беришича, ҳужжатга парламент аъзоларининг 574 нафари розилик билдирди, 37 нафари қарши чиқди, 82 нафари жавоб беришга иккиланди.

Шунингдек, ўтган ҳафтада Беларусь президенти Александр Лукашенко мамлакатнинг Литва ва Польша билан чегараларини ёпиш ҳамда Украина билан чегараларни эса кучайтириш ҳақида баёнот берди. «Бундан кейин улар бизга нима отишини билмаймиз. Тушунамизки, уларнинг захирасида уруш бошланишидан олдинги бир нечта усул қолди. Мен сўнгги кунларда Россия президенти ва мудофаа вазири билан иттифоқчи давлатнинг умумий ҳимоясини қуришга мажбурман», дея маълум қилди Лукашенко.

Аввалроқ Александр Лукашенко Россия президенти Владимир Путинга Иттифоқ давлатини мустаҳкамлаш учун янги қуроллар тўғрисида мурожаат қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Беларусда норозилик намойишлари ҳам давом этмоқда. 19 сентябрь куни «Аёллар марши» ташкил этилган бўлса, 20 сентябрь куни «Адолат марши» бўлиб ўтди. Бундай акциялар доимий тус олди ва ҳафтанинг дам олиш кунлари бўлиб ўтмоқда. 19 сентябрь куни бўлиб ўтган маршда 400 га яқин киши ҳибсга олинди. Улар орасида ёши катта аёллар ҳам бор.

20 сентябрь куни бўлиб ўтган маршда ҳам юздан ошиқ намойишчи ҳибсга олингани хабар қилинди. Марш маҳаллий вақт билан 14:00 да бошланди. Намойишчилар ҳар доимгидек марказий майдонлар ва кўчалар бўйлаб ҳаракат қилди. Намойишларнинг энг йириги доимгидек пойтахт Минскда бўлиб ўтди. Намойишчилар Александр Лукашенконинг истеъфосини талаб қилмоқда.

Беларусда ҳукуматга қарши норозилик намойишлари давом этмоқда.

Путиннинг «бош оғриғи» – Навальний

Россия президенти Владимир Путиннинг ашаддий мухолифларидан бири Алексей Навальнийнинг заҳарланиши билан боғлиқ воқеалар ўтган ҳафтада ҳам матбуот ва сиёсатчиларнинг асосий диққат марказида бўлди, десак хато бўлмайди. Ҳафта бошида Алексей Навальний ўрнидан туришни бошлагани маълум бўлди.

«22 августдан буён ‘Шарите’ университет клиникасида даволанаётган Алексей Навальнийнинг ҳолати яна яхшиланди. Беморни ўпкани сунъий нафас олдириш аппаратидан тўлиқ узишга муваффақ бўлинди. Унинг ҳаракатчанлиги ошмоқда ва қисқа вақтга ётган ўрнидан туриши мумкин», дейилади клиника томонидан эълон қилинган хабарда.

Германиялик шифокорлар 7 сентябрь куни Навальний сунъий комадан чиқарилгани ва сунъий нафас олдириш аппаратидан босқичма-босқич узилаётганини маълум қилган эди. Ўзига келган Алексей Навальний заҳарланганидан буён илк бор ўзининг Instagram саҳифасида расм жойлаштирди. «Салом, бу Навальний. Сизларни соғиндим. Мен ҳали ҳам деярли ҳеч нарса қилолмаяпман, лекин кеча кун давомида ўзим нафас олдим. Бутунлай ўзим. Ҳеч қандай қўшимча ёрдамсиз, ҳатто томоғимга ўрнатилган мосламадан ҳам фойдаланмадим. Жуда ёқди. Ажойиб, кўпчилик етарлича баҳо бермаган жараён. Тавсия этаман», деб ёзган у постида.

Кейинроқ у Instagram саҳифасида ўзининг тикланиш жараёни қандай кечаётгани ҳақида гапириб берди. Сиёсатчининг сўзларига кўра, ҳозир у мустақил равишда сув қуёлмаяпти ёки телефонини қўлига ололмаяпти, аммо яқин вақтгача у гапира олмаган ва ҳеч кимни танимаган эди. «Ҳар куни эрталаб менга бир шифокор келиб, Алексей, мен доскани олиб келдим, келинг, унга қандай сўз ёзиш кераклигини ўйлаймиз, дерди. Бу мени умидсизликка туширарди, чунки шифокор нимани хоҳлашини тушунган бўлсам-да, сўзларни қаердан олишни билмасдим», дейди Навальний.

Фото: «РИА Новости»

Бу орада Алексей Навальнийга Нобел мукофотини бериш ҳақидаги гап-сўзлар ҳам чиқиб қолди. Россиялик олим, Нью-Жерсидаги Ратгерс университети профессори Сергей Эрофеев сиёсатчи Алексей Навальний Нобел мукофотига номзод қилиб кўрсатилганини маълум қилди. Унинг айтишича, ушбу мукофот учун Навальний номзодини «Россия билан шуғулланувчи таниқли университетларнинг бир қатор профессорлари илгари сурган. Эрофеев уларнинг аниқ кимлигини айтмаган, лекин «Дожд» нашрига берган изоҳда унинг номзодини кўрсатганлар орасида «катта одамлар» борлигини қайд этган.

Шунингдек, ўтган ҳафта мобайнида Навальний воқеаси Россия ва Германия ўртасидаги муносабатларга қандай таъсир қилиши ҳақида матбуотда бир қатор таҳлиллар ҳам эълон қилинди. Франция президенти Эммануэль Макрон эса  Россия президенти Владимир Путин билан телефон мулоқоти чоғида франциялик мутахассислар Алексей Навальний «Новичок» гуруҳига кирувчи асаб тизимини фалаж қиладиган модда билан заҳарлангани ҳақидаги германиялик мутахассисларининг хулосасини тасдиқлаганини маълум қилди.

Суҳбат чоғида Макрон Навальнийга суиқасд қилингани билан боғлиқ вазиятга зудлик билан ойдинлик киритишга чақирди. У Россия томонидан ишончли ва шаффоф тергов доирасида тушунтириш беришни талаб қилди. Кремль томонидан маълум қилинишича, суҳбат Франция президенти ташаббуси билан амалга оширилди ва «Алексей Навальний иши» билан боғлиқ вазият муҳокама қилинди. «Владимир Путин ушбу вазият бўйича Россия томонининг асоссиз айбланиши ноўринлигини таъкидлади», дейилади Кремль хабарида.

Ғалати мукофотлар эгалари маълум бўлди

АҚШдаги Гарвард университетида энг бемаъни илмий ютуқлар ва ностандарт ғоялар учун бериладиган Шнобел мукофотининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ташкилий қўмитанинг сайтида мукофотни топшириш жараёни трансляция қилинди. 2020 йилда тиббий таълим йўналиши бўйича Россия президенти Владимир Путин, АҚШ президенти Дональд Трамп, Беларусь президенти Александр Лукашенко, шунингдек, яна беш давлат раҳбари тақдирланди.

Фото: Reuters

«Тиббий таълими соҳасида мукофот бутун дунёга коронавирус пандемиясида сиёсатчилар инсонлар ҳаёти ва ўлимига олим ҳамда шифокорлардан кўра кўпроқ таъсир қилишини кўрсатиб қўйган Бразилия, Буюк Британия, Ҳиндистон, Мексика, Беларусь, АҚШ, Туркия, Россия ва Туркманистон раҳбарларига топширилди», дейди мукофот таъсисчиси Марк Абраҳамс. 2020 йилда лауреатларга мукофот сифатида қайд дафтари варақларидан ёпиштирилган куб ва Зимбабвенинг 10 триллион маҳаллий доллари банкнотасининг нусхаси тақдим этилди.

Эслатиб ўтамиз, Лукашенко 2013 йилда Минск милицияси билан бирга Шнобель мукофотига лойиқ кўрилган. Ўшанда бунга Беларусда оммавий қарсаклар тақиқлангани ва куч тузилмалар томонидан ушбу тақиқни бузишда айбланиб, бир қўли йўқ ногирон одамнинг қўлга олиниши сабаб бўлганди.

Бизда ҳозирча шулар. Жаҳонда юз бераётган воқеа ва ҳодисалардан хабардор бўлишни истасангиз бизни кузатишда давом этинг.

Жаҳонгир Отонов тайёрлади.