Тошкентда Gentra автомобили бензин қуйиб ёқиб юборилди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати

2020 йил 19 сентябрь куни соат 04:10 да Учтепа тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, 11-кварталда 19 ёшли Қашқадарё вилоятидан бўлган Ситора Г. томонидан 23 ёшли қашқадарёлик Асилбек Н.га тегишли бўлган Lacetti Gentra автомобиль ёқиб юборилган.

Терговолди текширувлари давомида аниқланишича, Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида вақтинчалик яшовчи Ситора Г. ва жабрланувчи ўртасида маълум вақт муҳаббат бўлган. Асилбек кейинчалик Ситорага уйланишини ваъда қилган, аммо ваъдасида турмаган. Умидсизликда қолган қиз йигитнинг автомобилига ичидан ва ташқарисидан бензин қуйиб, ёқиб юборган.

Хабарда айтилишича, айни пайтда ҳодиса тафсилотлари ўрганилмоқда.