АҚШ президенти Дональд Трампнинг фикрича, яқин вақт ичида Исроил билан яна 7-9 та давлат, шу жумладан, Саудия Арабистони ҳам тинчлик келишувини имзолайди. Бу ҳақда «Korrespondent.net» хабар берди.
«Мен Саудия Арабистони қироли билан гаплашдим», — дея маълум қилган Трамп. Унинг қўшимча қилишича, бу келишув керакли пайтда имзоланади.
Трампнинг қайд этишича, Исроил билан у аввал айтганидек 5-6 та эмас, балки 7-9 та давлат муносабатларни яхшилайди.
Исроил янги келишувлардан нима олиши ҳақидаги саволга жавоб берган Дональд Трамп, «Биз бошқа мамлакатлар билан ҳам имзолаймиз. Бу жуда кучли келишувлар. Бу жиддий тинчлик. Исроил оладиган энг асосий нарса — бу тинчлик», — дея таъкидлаган.
Трампнинг сўзларига кўра, Исроил бундан буён изоляцияда эмас. Унинг айтишича, фаластинликлар керакли вақтда тинчликка қўшилади. «Биз фаластинликлар билан гаплашяпмиз. Керакли пайтда улар ҳам қўшилади», — дея маълум қилган АҚШ президенти.
«Исроил ўзини умуман изоляцияда ҳис қилмаяпти. У ўз тарихидаги энг буюк дипломатик ғалабани бошдан ўтказмоқда», — дея маълум қилган Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяху.
Эслатиб ўтамиз, БАА ташқи ишлар вазири Абдулла ибн Зайд ал-Наҳаён ва Баҳрайн ташқи сиёсий идораси раҳбари Абдуллатиф ал-Заёний 15 сентябрь куни Вашингтонда Исроил билан ўзаро муносабатларни яхшилаш тўғрисидаги тинчлик келишувини имзолади.
Изоҳ (0)