Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик назорат давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков коронавирусдан даволаниб чиққанидан кейин фаолиятини қай тарзда давом эттириш ҳақида «Shifobaxshuz» Telegram каналига берган интревюсида айтиб ўтди.

Фото: «Дарё»

Коронавирусга қарши курашиш тадбирларини давом эттирамиз. Албатта, ўша тадбирларни фаол иштирокчиси бўлиб қоламан деган умиддаман. Соҳа мутахассиси сифатида бу мени зиммамдаги масъулият деб биламан. Шу пайтгача тарғиботни амалга ошириш пайтида ўзим кўрмаган нарсам ҳақида гапириб берган бўлсам, эндиликда, касалликни ўз танасида ҳис қилган, бошидан кечирган шахс, мутахассис, сифатида яна аҳолига тушунарлироқ етказиш имкониятим пайдо бўлади. Нима бўлган тақдирда ҳам коронавирус касаллиги ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлдим. Энди мазкур касаллик ҳақида, касалликка чалинмаган мутахассисга нисбатан кўпроқ биламан.

Энг асосийси, мен Ўзбекистон аҳлини яхши кўраман, миллатимни яхши кўраман. Шу юртда яшаганимдан, эл корига яраганимдан хурсандман. Халқнинг саломатлиги йўлида қўлимдан келганча ҳамма имкониятларимни ишга соламан. Ҳали олдимда жуда кўп вазифалар борлигини ҳис қилиб яшаяпман. Токай, коронавирус касаллиги юртимизни бутунлай тарк этмас экан, биз фаолиятимизни давом эттиришимиз керак.

Қачонки коронавирус касаллиги республика ҳудудида қайд этилишдан тўхтаб, охирги бемор қайд этилгандан кейин ўн тўрт кун мобайнида биронта ҳам янги бемор қайд этилмаса, демак биз касаллик пандемиясини енгиш борасида қандайдир натижага эришган бўламиз.

Мен, саломатлигимга бефарқ бўлмаган, ҳолимдан хабар олиб турган, интернет сайтларида фикрларини билдириб турган барча ҳамюртларимга ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни билдираман.

Нурмат Отабеков, Республика махсус комиссияси ва Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор