Тошкент шаҳрида сентябрь ойининг бошидан беш кун ичида фуқаролардан 304 та пичоқ ва 4 биталар топилди, дея хабар бермоқда шаҳар ИИББ.
Маълум қилинишича, фуқаролар пичоқларни устки кийимларини чўнтакларида, автомобиль салонида сақлаб юрган. Баъзи фуқароларда ҳатто икки-учтадан пичоқлар бўлган.
Бошқарманинг таъкидлашича, аксарият пичоқлар қўлда ясалган бўлиб, рўзғор ишларига ярамайди. Умуман олганда, юқорида қайд этилган барча пичоқлар инсонга зарар етказиш мақсадида олиб юрилган.
Сергели тумани ИИО ФМБ ходимлари томонидан 11 сентябрь куни давомида бозорларга, хиёбонларга келган ва кўчаларда юрган 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган фуқаролардан 80 та пичоқ ҳамда бир нечта кастет ва биталар топилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг «Қурол тўғрисида»ги қонунининг 9-моддасига кўра:
- ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида фуқаровий қуролни (бундан ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли мустасно), совуқ қуролни ҳамда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёларни олиб юриш;
- митинглар, кўча юришлари, намойишлар ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказилганда, кўнгилочар ва ҳордиқ чиқариш учун мўлжалланган, алкоголли маҳсулотлар реализация қилинадиган жойларда, таълим, тиббиёт муассасаларида ҳамда қурол олиб юриш тақиқланган бошқа жамоат жойларида бўлган вақтда, шунингдек, алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда фуқаровий қуролни олиб юриш тақиқланади.
Изоҳ (0)