Тошкент вилояти Чиноз тумани «Кўтарма» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтган М-39 Тошкент—Термиз йўлининг 858-километрида 13 сентябрь куни соат тахминан 00:10 да Nexia ва Lacetti иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди, дея хабар бермоқда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати.

Фото: ИИВ ЙҲХББ

«1986 йилда туғилган ҳайдовчи Т.С. хавфсизлик камарини тақмай Nexia-3 ни бошқариб кетаётиб, бошқарувни йўқотиб, йўлни иккига ажратувчи бетон тўсиқдан йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб кетиб, қаршисидан келаётган ҳайдовчи, 1981 йилда туғилган, хавфсизлик камарини тақмаган Ф.Н.нинг Lacetti’си билан тўқнашган», — дейилади хабарда.

Фото: ИИВ ЙҲХББ

Ҳодиса оқибатида Nexia-3 нинг 34 ёшли ҳайдовчиси Т.С., Lacetti’нинг 39 ёшли ҳайдовчиси Ф.Н., Lacetti’да бўлган икки йўловчи — 40 ёшли Э.Х. эркак ва шахси ҳозирча аниқланмаган 25-30 ёшлардаги аёл оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган. Lacetti’нинг яна икки йўловчиси — 29 ёшли К.Б. ва 44 ёшли Ю.Ҳ. тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

ЙТҲ юзасидан Чиноз тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.