Ўзбекистонда пандемия шароитида ўқитувчи ва ўқувчиларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида мактаб ўқитувчиларидан оммавий равишда COVID-19’га тест олинмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Дарё»

«Шу йилнинг 14 сентябрь кунидан белгиланган санитария талабларига жавоб берган мактабларда маҳаллий халқ депутатлари кенгашлари қарори билан таълим жараёнлари бошланиши кутилмоқда. Бу жараёнда икки муҳим масалага диққат қилиниши керак. Бир томондан мамлакатдаги 6,2 миллион нафардан ортиқ ўқувчининг саломатлигини сақлаш муҳим бўлса, бошқа томондан уларга таълим берадиган ярим миллион нафарга яқин халқ таълими ходимлари — ўқитувчиларнинг саломатлигини асраш ҳар бир раҳбардан катта масъулият талаб қилади», — деб таъкидланган хабарда.

Қайд этилишича, шу мақсадларни кўзда тутган ҳолда айни вақтга қадар «Ўзбекистон Республикасида COVID-19 пандемияси даврида умумий ўрта таълим мактаблари ва ўрта махсус мактаб интернатларининг фаолиятини ташкиллаштириш бўйича вақтинчалик санитария-эпидемиологик талаблар» ишлаб чиқилиб, Адлия вазирлигида рўйхатга олинди.

Умумтаълим мактабларида санитария талабларига амал қилиниши бўйича мактаб мутасаддиларига кўмак бериш мақсадида 10 минг нафардан ошиқ тиббиёт ходими бириктирилди.

2020 йил 11 сентябрь ҳолатига кўра, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан ўрта таълим мактабларининг жами 486 521 нафар ўқитувчиларнинг 275 616 нафари (56,6 фоизи) махсус лаборатория усулида коронавирус инфекциясига текширувдан ўтказилди.

Лаборатория таҳлили натижасида касаллик аниқланган ўқитувчилар рўйхатга олиниб, уларнинг ҳолати ҳудудларда ташкил этилган мобил тез тиббий ёрдам гуруҳлари томонидан ўрганилмоқда, касаллик симптомлари аниқланган ўқитувчилар шифохоналарда даволанишга юборилмоқда.

Уларнинг аксариятида касаллик симптомсиз ва енгил шаклда кечаётгани кўринмоқда. Бундай ўқитувчиларимиз уй шароитида даволанишга ўтказилиб, белгиланган даво муолажаларга кўра, уларга бепул коронавирус бокслари (аптечкалар) етказиб бериляпти.

Шунингдек, бундай ўқитувчилар билан мулоқотда бўлганлар ҳудудий Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармалари томонидан аниқланиб, уларнинг рўйхатлари карантин тадбирларини жорий этиш учун ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармаларига юборилмоқда.

«Бу саъй-ҳаракатлардан муддао миллатимиз муаллимларининг саломатлигини асраш ва улардан таълим оладиган ёш авлоднинг соғлигини ҳимоя қилишдир», — деб таъкидланган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 26 август куни қабул қилинган тегишли қарорига кўра, Ўзбекистондаги барча бошланғич, умумий ўрта таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ходимларини марказлашган тартибда гриппга қарши бепул эмлаш белгиланган.

Янги 2020/2021-ўқув йили расман 14 сентябрдан бошланади. Ўқувчилар мактабга бориши ёки онлайн ўқиши мумкин. Санитария талабларига жавоб бермайдиган мактаблар ўқишни масофавий тарзда олиб боради. 7 сентябрь куни 6 ой деганда 329 та мактаб ўқувчилар учун ўз эшикларини очди. Хусусан, Намангандаги 12 та мактабда тажриба тариқасидаги илк дарслар бошланди.