Қисқа видеоларни яратиш ва томоша қилишга мўлжалланган TikTok сервиси дунёдаги энг машҳур илова деб топилди. TikTok 2020 йилнинг август ойи якунлари бўйича энг кўп юклаб олинган мобил иловага айланган, деб ёзади Sensor Tower.
TikTok AppStore ва Google Play дўконлари энг кўп юклаб олинган мобил иловалар орасида пешқадамлик қилмоқда.
Ёз фаслининг сўнгги бир ойининг ўзида илова 63,3 миллион маротаба юклаб олинган. Фойдаланувчиларнинг асосий қисми Бразилия ва Индонезия ҳисобига тўғри келмоқда.
Apple фойдаланувчилар орасида оммабоплик бўйича иккинчи ўринда Zoom иловаси кетаётган бўлса, Android фойдаланувчиларида эса — Snack Video (TikTok муқобили).
Шунингдек, етакчилар қаторидан Facebook, Instagram ва WhatsApp ҳам ўрин олган.
Аввалроқ инвесторлар Хитойнинг ByteDance компаниясига тегишли TikTok сервисини 50 миллиард долларга баҳолагани, 1 августда Microsoft TikTok сервисини сотиб олиш бўйича музокаралар ўтказаётгани ва АҚШ президенти Дональд Трамп ижтимоий тармоқни мамлакат ҳудудида тақиқлаш ниятида эканлигини маълум қилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)