Иккинчи жаҳон уруши даврига тегишли Американинг П-82 Mustang қирувчи самолёти 12 миллион доллар эвазига эркин савдога чиқарилди, деб хабар беради Popular Mechanics.
П-82 Mustang’нинг ўзига хослиги ноёб констурксиясида — аслида у иккита П-51 Mustang қирувчи самолёт. Улар битта учиш аппаратини ҳосил қилиш учун бир-бирига пайванд қилинган. Қўшма Штатларда учишга қодир бу турдаги самолётдан битта нусха қолган.
Мазкур қирувчи самолётни яратиш ҳарбий операциялар вақтида узоқ масофага учиш учун керак бўлган. Натижада иккита двигатель, катта ёқилғи захираси ва иккита бошқарув кабинасига эга П-82 пайдо бўлган. Шу сабаб учувчилар чарчганида ўз вазифаларини бўлишиб олишлари мумкин бўлган. Кейинги версияларда эса иккинчи кабина радиолокацион тизим билан жиҳозланган.
Бу каби қирувчи самолётдан жами 250 нусха ясалган. Аппарат 44-83887 серияли рақамга эга бўлиб, Packard 1650 двигатели ва янги парраклар ўрнатилган. Самолёт корпуси металл рангига бўялган, интерьери аслига мос. Шунингдек, қўшимча равишда GPS тизими ва транспондер билан жиҳозланган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг май ойида Uzbekistan Airways компанияси «Ми-8МТВ-1» русумли иккита вертолётни, «ТВ3-117 ВМ» русумли саккизта ва «ВСУ АИ-9В» русумли учта авиацион двигателни сотувга қўйган эди.
Изоҳ (0)