Сув ҳавзалари яқинида яшовчи унчалик катта бўлмаган қанотли ҳашаротлар GM концернига тегишли уч мингга яқин йўлтанламаснинг бўёқли қопламасига зарар етказгани аниқланди, деб хабар беради Motor.
Қисқаумрлилар (бир ёки бир неча кун яшовчи ҳашарот) бутун дунё бўйлаб кенг тарқалган. Улар, асосан, сув яқинида яшаб, қисқа умри давомида ақл бовар қилмас дарада кўп туллайди, бироқ одатда бу атрофдагиларга муаммо туғдирмайди. Аммо таъкидланишича, улар Chevrolet Tahoe ва GMC Yukon янги йўлтанламасларининг бўёғига шикаст етказган. 2600 дан ортиқ автомобиль қисқаумрлиларнинг ёпишқоқ териси билан қопланган. Йўлтанламасларнинг барчаси Техас штатидаги Арлингтон заводида ишлаб чиқарилган ва йиғишдан сўнг шу номдаги кўл яқинида сақланган.
General Motors муаммони тезда пайқамасдан, дилерларга ҳашаротлардан қолган доғли 100 га яқин автомобилни юборган. Маълум бўлишича, қисқаумрлилар териси билан Chevrolet Tahoe ва GMC Yukon йўлтанламаслари капотлари қопланган, бироқ ёпишиб қолган ҳашаротларни хромланган дискалар, ойна ва кузовда ҳам учратиш мумкин.
Бўёқдаги ҳашаротларни тозалаб ташлаш учун расмий дилерлар бюллетенга кўра, ҳар бир автомобиль учун 2,5 соат вақт сарфлайди: ҳашарот қолдиқлари махсус шампунь билан ювилади, шундан сўнг кузов тозаланиб, полировка қилинади.
Изоҳ (0)