Россияда халқаро авиақатновларнинг очилиши янги турдаги коронавирус инфекцияси билан касалланиш статистикасининг сезиларли даражада ёмонлашишига олиб келмади. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашкога таяниб, «Интерфакс» хабар берди.
«Ҳозирча буни қайд этмаётган бўлсак-да, хавфсизлик чоралари барибир кўрилмоқда», — дейди вазир.
Мурашконинг сўзларига кўра, Россияда COVID-19 билан касалланиш ҳолати барқарор ва ижобий динамикага эга. Вазир бунга мамлакатдаги тиббиёт ташкилотларида даволанаётган беморлар сони сўнгги уч ой ичида икки баробарга камайганини мисол қилиб келтирган. Шунга қарамай, стационарларда 90 минг бемор даволанишни давом этмоқда, уларнинг 2,5 мингдан ортиғи — реанимацияда, ўпкани сунъий нафас олдириш аппаратларига уланган.
Вазирнинг таъкидлашича, ижобий динамикага қарамай, 30 та вилоятида вазият кескинлигича қолмоқда. Биринчи навбатда бу сменали ишчилар кўп бўлган шимолий минтақалардир.
Унинг қўшимча қилишича, ҳозирча Россияда қайта касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган, хорижда эса пандемия бошланганидан буён бу каби ҳолат бир маротаба аниқланган.
Россияда коронавирус билан қайта касалланиш ҳолати бўйича 24 август куни Тува раҳбари Шолбан Караол маълум қилганди. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса қайта касалланишни тасдиқламаган.
Эслатиб ўтамиз, Uzbekistan Airways 4 сентябрдан бешта давлат билан мунтазам халқаро авиапарвозларни тиклаган. Германия, Қозоғистон, Қирғизистон, БАА, Туркиядан мунтазам рейслар орқали келган йўловчилар салбий COVID-19 тест натижаларига эга бўлса, термометриядан ўтиши ва анкетани тўлдириши, 14 кунлик ўзини изоляция қилиш мажбурияти қўйилган.
Изоҳ (0)