Мали ғарбида ўндан ортиқ ҳарбий хизматчи Куликоро вилоятида уюштирилган ҳужум оқибатида вафот этди, яна бир неча киши жароҳат олди, деб хабар беради Sinxua агентлиги.
Маълумотларга кўра, ўқ-дорилар захирасини етказиб беришга жавобгар ҳарбий хизматчилар бўлинмаси 3 сентябрь куни кечқурун Гире аҳоли пункти яқинида ҳужумга учраган. Ҳужум оқибатида ҳарбийларнинг ўлимидан ташқари катта моддий зарар ҳам етказилган. Мали армияси ҳодиса жойига қўшимча куч юборган.
Бу Малида 18 августдан буён аскарларга уюштирилган учинчи ҳужум ҳисобланади. 22 ва 27 август кунлари Мопти вилоятида уюштирилган ҳужумлар оқибатида саккиз киши ҳалок бўлган, ўндан ортиқ киши жароҳат олган.
Ҳозирча ҳужум бўйича масъулиятни ҳеч ким ўз зиммасига олмаган.
Эслатиб ўтамиз, Малида 18 август куни ҳарбийлар томонидан исён кўтарилганди. Қўзғолон пойтахт Бамако яқинидаги Кати шаҳрида жойлашган катта ҳарбий базада бошланган. Исёнчилар президент Кейта ҳамда бош вазир Бубу Сиссени ҳибсга олган. Ушбу воқеадан кейин Кейтанинг ўзи ҳам истеъфога чиқиши ҳақида баёнот берган. Ҳукуматни қўлга олган ҳарбийлар «Халқни қутқариш миллий кенгаши» тузилганини эълон қилди.
Изоҳ (0)