Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ўқув йили бошида айрим фанларнинг вақтинчалик ўтилмаслигини тавсия қилди. Вазирлик матбуот хизматининг қайд этишича, бунда ўқувчиларнинг соғлиғини ҳимоялаш, ижтимоий масофани сақлаган ҳолда ортиқча мулоқотнинг олдини олиш мақсад қилинган.
Улар қуйидагилар:
- жисмоний тарбия;
- чақириққа қадар бошланғич ҳарбий тайёргарлик;
- мусиқа маданияти;
- тасвирий санъат ва чизмачилик;
- технология;
- тарбия фанлари.
Таъкидланишича, мазкур фанлардан дарс бераётган ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақи тўлиқ сақлаб қолинади ва улар мактабдаги ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларга жалб этилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мактабларида янги ўқув йили 14 сентябрдан бошланади. Ўқувчилар мактабга бориши ёки онлайн ўқиши мумкин. Давлат мактабларида янги ўқув йилида мажбурий мактаб формаси талаб қилинмайди. Шунингдек, дарслар таклиф этилганидек 30 дақиқа эмас, балки анъанавий 45 дақиқа ўтиладиган бўлди.
Аввалроқ Халқ таълими вазирлиги санитария талабларига жавоб бермайдиган мактаблар ўқишни масофавий тарзда олиб боришини маълум қилгани, мактабларда таълим икки хил шаклда бўлишини инобатга олиб, ўқувчиларнинг ота-оналарига мурожаат билан чиққани хабар берилган эди.
Изоҳ (0)