Тожикистонда мустақиллик куни муносабати билан ўтказиладиган барча оммавий тадбирлар тақиқланди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Қоҳир Расулзода бошчилигида 2 сентябрь куни ўтказилган коронавирусга қарши кураш штаби йиғилишида қарор қилинди, деб ёзмоқда Asia Plus.
Маълум қилинишича, коронавируснинг иккинчи тўлқини тарқалишининг олдини олиш учун Тожикистон давлат мустақиллигини нишонлашга бағишланган ҳар қандай тантанали, маданий-оммавий тадбирлар, конференциялар, юбилей кечалари ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказишни тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилинган.
Хиёбонлар, аллеялар ва майдонлардаги халқ сайилларига шахсий гигиена талабларига риоя қилиш, мажбурий тартибда ниқоб тақиш ва ижтимоий масофага қатъий амал қилиш шарти билан рухсат этилади.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон 9 сентябрь куни давлат мустақиллигининг 29 йиллигини нишонлайди.
Аввалроқ Тожикистонда Мустақиллик байрами оммавий тадбирларсиз ўтказилиши ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)