Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзининг 21 ёшли қизи Айшатни республика маданият вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинлаш тўғрисида фармон имзолади, деб хабар бермоқда Meduza.
«Айшатнинг янги лавозимга тайинланиши қатъий тарозига тортиб қилинган қарор. Ёш бўлишига қарамай, у энг мураккаб ва йирик лойиҳаларни бошқариш бўйича бой тажрибага эга, шу жумладан маданият соҳасида ҳам», — деб ёзган у ўзининг Telegram-каналида.
Айшат Қодирова 18 ёшидан буён 2009 йилда онаси Медни Қодирова томонидан асос солган Firdaws модалар уйини бошқариб келади.
2020 йилнинг март ойида Қодиров қизини «Чеченистон республикаси олдидаги хизматлари учун» медали билан мукофотлаган. Ушбу медаль «фидокорона меҳнати ҳамда маданият ва санъат ривожига қўшган ҳиссаси» учун берилгани айтилган.
Қодировнинг қариндошлари Чеченистон раҳбариятида юқори лавозимларни эгаллаб келади. 2018 йилда «BBC Россия хизмати» мамлакатдаги энг нуфузли 150 нафар амалдорнинг 30 фоизи Чеченистон раҳбарининг қариндошлари эканлигини қайд этган.
Изоҳ (0)