Беларусь олий ўқув юртларининг талабалари намойишларда иштирок этгани сабабли ҳарбий хизматга чақирилиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат президенти Александр Лукашенко маълум қилди, деб ёзмоқда Meduza.
«Улар сиёсий муносабатларда талабаларни гижгижлай бошлади: 1 сентябрь куни машғулотларга келасиз — кўчаларга чиқасиз ва ҳоказо. Сиз тушунишингиз керакки, ўғил болаларга ўқиш вақтида ҳарбий хизматни кечиктирганмиз. Ўқишни хоҳлашмаса, ватанни ҳимоя қилиш керак», — дея маълум қилган Лукашенко.
Александр Лукашенконинг сўзларига кўра, бу масалада аллақачон унга мудофаа вазири мурожаат қилган.
«Бундан кейин нима бўлишини тасаввур қиляпман. Мен талабаларни армияга жўнатиш билан қўрқитаётганимни таъна қилишади. Йўқ! Қайтараман: ким ўқишни хоҳласа, ўша ўқийди, ҳарбий хизмати кечиктирилади. Ким кўчага чиқса ёки ўқишни хоҳламаса, қонун бўйича чора кўрамиз», — дея қўшимча қилган Беларусь раҳбари.
Унинг ишонч билдиришича, «кўчадагиларни эплай олади». «Тинчлик, хотиржамлик ва амалдаги президентни қўллаб-қувватлаш учун намойишларга, тахминан, 3 миллион киши чиқди. Бизнинг электоратимиз нисбатан сокин: фахрийлар, пенсионерлар, мутахассислар. Улар ўз ишини билади, ишлашяпти. Шу сабабли биз учун овоз берган 80 фоизга эга бўламиз», — деди Лукашенко.
Беларусда 9 августдан Лукашенконинг истеъфосини талаб қилиб, намойишлар бошланди. 16 августдан мамлакат расмийлари Минскда ва бошқа шаҳарларда Лукашенкони қўллаб-қувватлаш учун намойишлар ташкил қилишни бошлади.
Аввалроқ Лукашенко давлат мафкурасини қўллаб-қувватламайдиган ўқитувчилар мактабда ишламаслиги кераклигини айтганди.
Изоҳ (0)