NASA’нинг Ойни тадқиқ этиш борасидаги Artemis («Артемида») дастури доирасида бир неча йилдан сўнг аёл-астронавт Ернинг табиий йўлдоши юзасига қўниши мумкин. Бу ҳақда АҚШ Космик агентлиги директори Жим Брайденстайнга таяниб, «Korrespondent.net» хабар берди.
«2024 йилда Ойга астронавт (аёл ва эркак)ларни қўндириш ушбу мақсадга эришиш йўлида барча америкаликларни илҳомлантира олишимизга боғлиқ», — дейди NASA раҳбари.
Шу билан бирга, Брайденстайн юқорида номи тилга олинган дастурнинг тўқ қизил-олтин рангли эмблемасини тақдим этиб, бу аёллар ҳуқуқлари ҳаракатининг ранглари эканлигини эслатиб ўтган.
«Ойдаги тадқиқот дастуримиз аёлларнинг космос тадқиқотига қўшадиган ҳиссасига асосланган. Биз NASA’нинг космосга учган аёл-ходималарига, шунингдек, келажакдаги тадқиқотчиларга миннатдорчилик билдирамиз», — дейди Космик агентлик директори.
Аввалроқ NASA ва Япония АҚШнинг Ойни забт этиш борасидаги «Артемида» дастури бўйича ҳамкорликда ишлаш тўғрисидаги келишувни имзолагани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)