Хитойнинг Beizhong Yilin Pharm Tech (Beijing) компанияси ҳамда Цзянси анъанавий хитой табобати университетининг 10 нафар шифокор ва мутахассисларидан иборат гуруҳи Тошкентда ташкил этилган Саралаш ва тақсимлаш марказларида беморларни даволаш ишларида иштирок этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказидаги махсус штабда хитойлик мутахассислар билан биргаликда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги ҳолати оғир беморларни даволаш юзасидан телемедицина орқали консилиум ўтказилган. Шунингдек, хитойлик мутахассислар ўзбекистонлик шифокорлар билан коронавирусга чалинган беморларни даволашда қўлланилаётган протокол бўйича ҳам фикр алмашган ҳамда ўз тажрибаларидан келиб чиқиб, зарур тавсияларни берган.
Германиядан ташриф буюрган 10 нафар тажрибали мутахассислардан иборат тиббий гуруҳ Ўзбекистонда бўлиб турибди.
Айни пайтга қадар улар соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов билан мулоқот ўтказган. Учрашувда Ўзбекистонда пандемиянинг таъсирини имкон қадар камайтириш, касаллик тарқалишининг олдини олиш ва беморларни даволашда немис мутахассислари ва маҳаллий шифокорлар ўртасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.
Бундан ташқари, германиялик шифокорлар Тошкентдаги Вирусология илмий текшириш институти клиникаси, Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси, шунингдек, Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги ушбу соҳага ихтисослашган шифохоналар, тиббий марказ ва лабораториялар фаолияти билан яқиндан танишиб, короновирусни аниқлаш, назоратга олиш ва беморларни даволашда маҳаллий шифокорлар билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
Жумладан, меҳмонлар Бухоро вилоятида ҳам бўлиб, Бухоро шаҳрида ташкил этилган вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида коронавирусга чалинган оғир ҳолатдаги 13 нафар беморни тиббий кўрикдан ўтказган. Даволаш жараёнларида бевосита иштирок этган.
Изоҳ (0)