Ўзбекистон «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат жамғармаси директори ва бошқа бир қатор шахслар жамғарманинг 2,8 миллиард сўм маблағини талон-торож қилганлиги аниқланди. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура томонидан маълум қилинди.
Хабар берилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг Шайхонтоҳур туман бўлими томонидан Ўзбекистон «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат жамғармаси фаолияти юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган.
«Жамғарма директори М.А. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, дори воситалари ва тиббиёт ускуналарини қиммат нархларда сотиб олиб, жамғарманинг 2,8 миллиард сўм маблағларини талон-торож қилган», — дейилади Бош прокиратура хабарида.
Мазкур ҳолат юзасидан жамғарма директори М.А. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамғармаси COVID-19 пандемиясига қарши курашда фуқароларни руҳан қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган. Ўзбекистонда пандемия бошланганидан буён қатор давлат идоралари, хусусан, Ўзбекистон Бош прокуратураси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси, Давлат хавфсизлик хизмати, Президент Давлат хавфсизлик хизмати, бир қатор компаниялар мазкур жамғармага ўз хайрия маблағларини ўтказган. Россияда истиқомат қилувчи ўзбек миллиардери Алишер Усмонов ҳам мазкур жамғармага 20 миллион доллар маблағ ўтказиб берганди.
Бундан аввал Қашқадарё вилояти Санитария-эпидемиология осойишталик марказида қарийб 918 миллион сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланганди. Шунингдек, Навоий вилояти Санитария ва эпидемиология осойишталик маркази мансабдор шахслари Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан ажратилган 500 миллион сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирган. Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги Санитария-эпидемиология осойишталик марказини таъмирлаш ишлари жараёнида 189,2 миллион сўм маблағ талон-торож қилинган.
Наманган вилоят Санитария-эпидемиология осойишталик маркази мансабдор шахслари 250 миллион сўм маблағни талон-торож қилган, шунингдек, мазкур СЭОМ иқтисодчиси 40 миллион сўм пора билан қўлга тушган. Бухородаги коронавирус беморлари даволанаётган шифохонани таъмирлашда 577 миллион сўм талон-торож қилинган. Андижон вилояти СЭОМда 159 миллион сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.
Изоҳ (0)