Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев коронавирус асоратларидан вафот этган Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов қабрини зиёрат қилиш чоғида коронавирус билан боғлиқ вазият ҳақида гапирди. Президент Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбари Усмонхон Алимов ва бошқа диний уламолардан коронавирус билан боғлиқ вазиятни одамларга тушунтиришни сўради.
«Ҳамма мўмин-мусулмонларга илтимос қилишимиз керак. Ўзини асраш-авайлаш. Ҳар бир инсон ўзига қараса, эсон-омон ўтиб кетамиз. Бошқа йўл йўқ. Кўряпсиз-ку, ЖССТ икки йил деяпти (пандемия давомийлиги — таҳр). Икки йил дегани, биз ўрганишимиз керак шунга. Йиғилмаслик керак. Туғилган кун, тўйлар, ҳаммаси бўлади, Худо хоҳласа. Мустақилликни ҳам уйда ўтказамиз, бошқа илож йўқ.
Мактабларни очишимиз керак. Қандай очамиз? Невараларимиз бор, боламиз бор. Қандай уларни жўнатамиз?», — деди Президент.
Давлат раҳбари одамларга болаларини, катта ёшли яқинларни эҳтиёт қилиши кераклигини етказиш зарурлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 25 июлдан бери коронавирусдан даволанаётган Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов 22 август куни вафот этди. Президент Шавкат Мирзиёев 23 август куни Бухоро шаҳридаги «Ҳазрати Имом» қабристонига ташриф буюриб, Карим Камолов қабрини зиёрат қилди.
31 июль куни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Муса Ерниязов коронавирус инфекцияси асоратларидан вафот этган эди. Коронавирусга чалинган Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ва Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов ҳозирда касалликдан соғайиб, ўз иш фаолиятини тиклади.
Изоҳ (0)