Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерали Нурматов вафот этди. Бу ҳақда хабар берган бошқарма ахборот хизматининг ёзишича, марҳум вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳузуридаги COVID-19’га қарши курашни мувофиқлаштирувчи штаб раҳбари сифатида фаолият юритган.

Фото: Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси

Хабар берилишича, марҳум 2020 йилнинг 22 август куни 61 ёшида ёндош касаллик сабаб вафот этган.

«Пандемиянинг мураккаб ва синовли даврларида малакали шифокор, олим ва ташкилотчи раҳбар сифатида аниқ амалий таклифлар ҳамда йўналишлар асосида ишни ташкил этди. Касалликка гумон қилинган фуқароларни стационар ва уй шароитида карантинга олиш, беморлиги аниқланган шахсларни даволаш сингари тадбирларни мувофиқлаштиришда алоҳида жонбозлик кўрсатди», — дейилади бошқарма ахборот хизмати берган маълумотда.

Маълум бўлишича, Шерали Нурматов 2017 йилдан буён вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

У Қарши шаҳридаги 1-сон болалар поликлиникасида шифокор, Нишон тумани марказий шифохонаси участка педиатри, Қарши шаҳридаги 2-сон болалар поликлиникасида врач-педиатр, бош врач муовини, Қарши шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими бош педиатри, бош врач муовини, Қарши шаҳар марказий шифохонаси бош врачи, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, вилоят қон хизмати бошлиғи лавозимларида самарали меҳнат қилган.