Meduza нашри Россияда ишлаб чиқилган коронавирусга қарши рўйхатга олинган илк вакцина муаллифи Денис Логунов билан катта интервью уюштирди. «Дарё» суҳбатни таржима тариқасида тақдим этади.
Денис Логунов Гамалея номидаги илмий марказ директори ўринбосари. 43 ёшида у Россия Фанлар академиясининг мухбир-аъзоси бўлиб, Россиянинг коронавирусга қарши биринчи вакцинасини ишлаб чиққан илмий гуруҳга раҳбарлик қилди ва уни ўзида синаб ҳам кўрди. Ушбу тажриба борасидаги ҳиссиётлари ҳақида гапиришдан Логунов бош тортмоқда. Чунки у «хайп қилишни ёқтирмайди» ва биринчи бора интервью бермоқда.
Унинг вакцинасини аллақачон 76 нафар кўнгиллиларда синаб кўрган. Уларнинг ҳар бир «Кўнгилли кундалиги» юритган ва унда вакцинанинг ножўя таъсирлари – ҳарорат кўтарилиши, тошма, укол ўрнининг қизариб кетиши сингариларни қайд қилиб борган. Ҳукумат вакцинанинг сентябрь ойида тайёр бўлишидан умид қилмоқда. Meduza нашри илмий директори Александр Ершов ва мухбир Светлана Рейтер билан бўлган суҳбатда Логунов сентябрга бориб вакцина фақат вақтинчалик рўйхатдан ўтказилишини, унинг оммавий ишлаб чиқарилиши эса 2020 йил охиридан эрта бошланмаслигини айтди.
Вакцинанинг ишлаб чиқилиши билан боғлиқ тафсилотлар ҳақида тадқиқотчилар биринчи бора сўз очмоқда; уларнинг бу борадаги илмий иши ҳали илмий манбаларда эълон қилингани йўқ.
Интервьюнинг қисқача мундарижаси
Кўнгиллиларни топиш жуда осон бўлди. Биз ишлаб чиққан вакцина вектор турига мансуб бўлиб, бунда биз ташувчи вирусдан фойдаланамиз ва у организмга киритилгач, ўзи билан янги коронавируснинг генетик ахборотини олиб киради ва унга қарши иммун реакциясини қўзғайди. Бу усул бизнинг Эбола вирусига қарши шу турдаги вакцина ишлаб чиқиш билан боғлиқ бўлган аввалги илмий ишларимизга асосланади ва пандемиядан аввал биз худди шундай вакцинани Яқин Шарқ респиратор синдроми – MERS вирусига қарши қўллаш борасида ҳам уч йил давомида изланиш олиб борган эдик. Шу сабабли ҳам бундай вакцинани айнан бизда ишлаб чиқилиши лозимлиги борасида иккиланиш бўлмаган. Ишни биз февралда бошлаган эдик. Вакцинанинг ўзини тайёрлаш эса икки ҳафта вақт олди.Вакцинани одамларда синаб кўришдан аввал уни бир неча хил ҳайвонларда, шу жумладан, икки хил маймун турида муфассал текшириб кўрдик. Биз ҳаммасини кузатиб бордик: антитана ҳосил бўлишини ҳам, иммун тизимининг жавоб реакциясини ҳам. Ҳозирда икки гуруҳдаги умумий 76 нафар кўнгиллилар билан қилинган синов натижалари якунланмоқда. Бу британияликлар қилган синовдагидан икки баробар кам, албатта, лекин у ерда ҳам ҳали бери мингта одамни вакцинация қилишмайди. Биз матбуот эмасмиз ва биз ҳақимизда ёзилаётган нарсалар учун жавобгар бўла олмаймиз.
Биз Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам эмасмиз ва вакцинани рўйхатга олиниши ёки олинмаслиги борасидаги қарорга ҳам таъсир ўтказа олмаймиз. Агар минглаб одамлар билан ўтказиладиган кенгроқ тадқиқот қилиниши керак бўлса, биз бундан қочмаймиз. Лекин ҳозир чегараланган шартларга кўра вақтинчалик рўйхатдан ўтказилишининг зарур жиҳати шундаки, бу орқали тадқиқотда турли хатар гуруҳига мансуб одамлар ҳам иштирок этиши мумкин бўлади – биз ўзи соппа-соғ одамларнигина ҳимоя қилмоқчи эмасмиз-ку, тўғрими? 2020 йил охирига бориб институтимизда йилига миллион вакцина чиқарадиган даражага чиқишимиз керак. Менинг мақсадим жаҳонда энг биринчи бўлиш эмас, балки яқинларимни ҳимоя қилишдир.
Одамлар қўрқишдан чарчашди
-Сиз клиник синовларга рози бўладиган кўнгиллиларни осонликча топдингизми?-Ҳа, албатта, бу билан ҳеч қандай муаммо бўлмади.
-Ҳатто Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди раҳбари Кирилл Дмитриев, сизнинг инвесторингиз ҳам барча интервьюларида унга вакцинани қандай келтириб беришганини ғурур билан гапирмоқда?
-Биз Россия ССВ таркибидаги федерал муассасамиз. Бизнинг инвестор – давлат.
-Нима деб ўйлайсиз, нега одамлар ўзларига номаълум препаратни қабул қилишга бундай иштиёқ билан рози бўлди? Юқтиришдан қўрқув туфайлими? Қўрқишдан чарчашдими?
-Биринчидан, ўйлашимча, ҳақиқатан ҳам қўрқишдан чарчашди. Иккинчидан, вақт ўтиши билан одамлар энди унинг ҳеч қаёққа кетмаслигини тушунган ҳолда коронавирус билан муроса қила бошлади. Биласизми, инфекциялар бошқариладиган ва бошқарилмайдиган бўлади. Аввал бошида бу инфекция бошқарилмайдиган эди. Ҳозирда эса ҳеч бўлмаса, вирус юкламасини пасайтириш имконини берадиган воситалар бор ва эндиликда биз бу вирус билан бирга яшашимизга тўғри келиши ойдинлашиб қолди.
-Шунга қарамай, дунё бўйича гоҳ у, гоҳ бу дори ҳақида бонг урилмоқда, лекин ўша дориларинг самараси ҳақида ишончли далиллар жуда кам ёки умуман йўқ.
-Муаммо шундаки, ҳамма нарса шошма-шошарлик билан қилинаётган пайтда далиллар жабр кўради.
-Сиз ўзингиз коронавирусга қандай муносабатда бўлдингиз? Қўрқдингизми?
-Ҳа, албатта. Менга энг бошиданоқ рақамлар ишонарли эди. Мен грипп борасидаги математик моделлаштириш билан боғлиқ рақамларни яхши биламан. Одамлар эса рақамлар борасида кўп янглишади. Улар, масалан, грипп туфайли ҳам реанимацияларда кўп одам ўлади деб ҳисоблашади. Мен эса бу ўринда реанимациядаги ўлим сонига эмас, балки умумий ўлим сонига қараш керак дейман. Умумий ўлим сони эса гриппникига қараганда анча катта: гриппда умумий ўлим сони 0,04 фоиз, энг кўпи – 0,1 фоиз бўлади, коронавирусда эса бу бир неча баробар кўп.
-Сиз вакцинация қилган кўнгиллилар коронавируснинг энг кичик белгиларининг йўқлиги борасида ҳам яхшилаб текширилиб, ташқи муҳитдан чеклаб қўйилган эди. Энди тасаввур қилайлик: сизнинг вакцинангизни аллақачон коронавирус юқтирган, лекин ҳали аломатлари пайдо бўлмаган одамга киритишади. Ҳаммани ҳам эмлашдан олдин текшириб кўришнинг ва бошқалар билан мулоқотдан чеклашнинг имкони йўқ-ку, тўғрими? Бу ҳолатда нима бўлади? Укол оқибатида хавфли таъсирлар юзага келмайдими?
- Гап фақат бизнинг ёки бошқаларнинг вакцинасида эмас. Бундай ножўя таъсирлар АDЕ-эффект (antibody dependent enhancement) дейилади ва у масалан, Денге безгаги вирусига хосдир.
АDЕ ҳақида юзлаб мақолалар ёзилган. Улар ҳақида гапириб ўтиришдан маъно йўқ, бу эффект, шунингдек, Эбола юқтирганда ҳам учрайди. Бундай эффектнинг олдини олиш учун одамга инактивация вакцина юбормаслик керак – у нафақат антитана иммун реакциясини чақиради, балки уни сусайтириб ҳам қўяди. У бизга керакли бўлган ҳужайравий иммунитетни ҳосил қилмайди. Шу сабабли ҳам COVID-19’га қарши вакцина ишлаб чиқишда биз инактивацияланган вакцина эмас, балки вектор туридаги вакцина олдик.
-Келинг, сиз қизиқувчан болакай билан гаплашяпман деб тасаввур қилинг. Инактивацияланган вакцина нима у?
-Сиз вирусни олдингиз, ўстирдингиз ва уни инактивация қилдингиз, яъни ўлдирдингиз. Ундан вакцина қилдингиз. Юбордингиз. Бу тамойил асосида қилинган вакцина фақат антитана ҳимоясини юзага келтиради холос.
Вектор вакциналар эса коронавирусга қарши бизнинг вакцина ҳам шундай вакцина бўлиб, у иммунитетнинг ситотоксик реакциясини ҳам чақиради ва вирус юқтирган ҳужайраларни мўлжаллаб йўқ қиладиган иммун ҳужайраларини ҳосил қилади. АDЕ-эффект ҳақидаги гапни вектор вакцина томонга буриш унчалик ҳам тўғри эмас. Вектор вакциналарда ҳеч қандай АDЕ-эффект бўлмаслиги борасида тадқиқотлар кўрсатиб турибди. Бу эффектни инобатга олмаслик керак ва уни энди тадқиқ қилмаслик керак деб ҳеч ким айтаётгани йўқ; лекин приматларда синаб кўрилган Оксфорд ва Хитой вектор вакциналари коронавирусга қарши ҳеч қандай АDЕ-эффект бергани йўқ. Биз ҳам ўз вакцинамизни бу эффектга нисбатан приматларда синаб кўрганмиз. Гарчи биз одамда ҳам худди приматлардаги сингари манзара кузатилади деб аниқ айта олмасак ҳам, лекин ҳозир АDЕ-эффект эҳтимоли борасида эҳтиёт бўлиш керак холос.
-Векторли дегани нима дегани?
-Сиз вирусни оласиз – бехатар, геномга кириб олмайдиган ва барча одамзод ўз ҳаёти давомида албатта тўқнаш келадиган – аденовирус. Кейин сиз уни янада хавфсизроқ қиласиз – ундан коднинг бир қисмини олиб ташлайсиз, аниқроғи икки бўлагини. Бундай ҳолда у одамнинг соғлом ҳужайраларида ўзидан кўпая олмайди, лекин у бундай ҳужайра ичига кира олади. Сиз унга геномга кириб нима қилиш кераклигини айтасиз. Бизнинг ҳолатимизда бу аденовирус учун бегона, лекин коронавирус учун муҳим бўлган С-оқсилни кодлайдиган ген. Аденовирус уни элтиб қўя олади, икки-уч ҳафтадан кейин эса векторнинг излари организмда қолмайди. Муваққат вазифа: элтиб қўйди, одам ҳужайрасида ёт оқсилни ишлаб чиқди, натижани олдик.
-Йўналиш?
-Ҳа. Биз С-оқсилни кодлайдиган генни олдик. Уни РНКдан ДНКга кўчирдик. Бу генни аденовирус геномига ўрнатдик ва векторни олдик.
-Ярим соат иш ва вакцина тайёрми?
-Деярли. Икки ҳафта.
Ижодий қийинчиликлар бўлмади. Том маънода копи/паст
-Айтинг-чи, бу вакцинани қандай қилдингиз?-Биз уни барча вектор туридаги вакциналар учун стандарт усул билан ҳосил қилдик. Бундай вакциналар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ. Улар 1990 йиллардан буён фаол қўлланилмоқда. Худди шундай усул билан биз Эбола вирусига қарши вакцина ҳам қилганмиз. У бизда рўйхатдан ўтган.
-Сиз айнан аденовирус асосидаги вектор вакцинани танладингиз. Нимага? Сабаби у билан аввал ҳам ишлаганингиз туфайлими?
-Биз вакцина борасида қарор қабул қилганимизда бу вакцина иммунитетнинг ситотоксик реакциясини келтириб чиқарадиган вакцина бўлиши кераклиги аён эди. Оддий қарор. Ҳар қандай одам шу йўлдан борган бўларди. Биз вакцинани киритиш учун РНК ва ДНК ҳамда вирус векторларидан бирортасини танлаш борасида (буларнинг ҳаммаси билан ишлаймиз) вирус векторида тўхталдик, чунки бу нисбатан самаралироқдир. Биз турли элтувчилар билан жуда кўп сонли экспериментлар қилиб кўрдик ва уларни векторли усул билан таққосладик. Аввал бошиданоқ бунинг ер билан осмонча фарқи борлиги маълум эди.
-Сиз қачон пойгага қўшилишга қарор қилдингиз ва вакцинани айнан шунақа бўлишини аниқладингиз?
-Мен бу ўринда бир нарсани айтишим керак: биз MERS вирусига қарши вакцина устида уч йилдан бери ишлаётган эдик.
-Тайёр нарсани олдингизми?
-Ҳа. Биз MERSга қарши вакцина қилаётган эдик ва турли вариантларни синаб кўргандик. Бу жуда катта ҳажмли иш эди. Унда биз клиник тадқиқотларнинг иккинчи фазасига етганмиз. Шу сабабли бошқа бир коронавирус пайдо бўлганида у биздаги бета-коронавируснинг яқин укаси эди, бизда унга қарши нимани қандай қўйиш борасида ҳеч қандай иккиланиш бўлмаган. Ижодий машаққат бўлмаган. Том маънода копи/паст.
-Иш қачон бошланганди? Апрелдами? Мартдами?
Февралда. Биз ҳам ишга қўшилишимиз ва нимадир қилишимиз кераклиги борасидаги фикр ўшандаёқ пайдо бўлган. Январда ҳали нималар бўлаётганини ҳеч ким билмасди. Февралда мен ЖССТ конференциясида қатнашдим ва ўшанда қаршимизда жиддий масала тургани аён бўлди.
-ЖССТдагилар нима содир бўлганини тушунишдими?
Февралнинг 20-саналарига келиб тушунишди. Мен ЖССТни танқид қилмайман. Бунинг учун бошқа одамлар бор. Эҳтимол, улар ҳақдир. Лекин ЖССТда иш қийин. У, одатда, объектив ахборотга эга бўлмайди ва у ҳамма учун қарор қабул қиладиган давлат идораси ҳам эмас. Унинг ходимлари қўлидан келган ҳамма нарсани қилишяпти. Улар моделлар бўйича клиник тадқиқотлар ва клиник тадқиқотлардан аввалги текширувлар бўйича қўмиталар тузди ҳамда улар йиққан барча маълумотдан очиқ шаклда бутун дунё бўйича фойдаланилмоқда. ЖССТ менимча қарор қабул қилиш борасида кеч қоляпти. Чегараларни ёпиш ёки ёпмаслик – лекин бу сиёсий қарор бўлиб, одатда, бундай қарорлар тезкорлик билан қабул қилинмайди.
-Сиз MERS учун ишланган вектор вакцинадан нусха олдингиз. Нима учун ҳужайрада кўпая оладиган вектордан фойдаланмадингиз? Ахир бу иммунитетни янада узоқроққа етадиган қилиши мумкин-ку?
-Оддий: ўзидан кўпаядиган вектор нисбатан жиддий ножўя таъсирлар келтириб чиқаради. Агар у кўпаймайдиган бўлса, унда вакцинациядан кейин сизда оддий ножўя таъсирлар – ҳарорат ҳамда укол ўрнидаги оғриқ бўлади холос. Агар сиз кўпаядиган вирусли вектор вакцина қилсангиз, унда шишадан жинни чиқариб юборган бўласиз. Биз нима қиляпмиз? Биз вакцинани икки босқичда юборяпмиз. Биринчи битта векторда, кейин эса бошқа векторда. Бундай схема бутун дунёга маълум ва ўйлашимча, уни қўлламаслик сабаби иқтисодий сабаблар билан боғлиқ. Лекин бизнинг ҳолатда маълумки, икки марта юбориш бир марта юборишдан кўра самаралироқ бўлади. Биз буни MERS ва Эболага қарши вакциналарда синаб кўрганмиз.
-Британиялик олимлар ва немис олимларининг тадқиқотлари кўрсатишича, қондаги коронавирусга қарши антитаналар миқдори кутилганидан кўра тезроқ камаяр экан. Бу нарса вакцинацияга қандай таъсир қилади?
-Бу ишлар оддий нарсани кўрсатмоқда: вақт ўтиши билан иммунитет пасаяди. Кейинчалик нима бўлишини ҳозир ҳеч ким билмайди ва бу муҳим. Биринчидан, нима учун биз қондаги антитаналар миқдори пасайишини иммунитет йўқолиши белгиси сифатида кўрамиз? Қондаги антитана миқдори доим камайиб боради ва биз бир инфекцияга қарши иммун жавобининг чўққисига чиқмай туриб, иккинчи, учинчи ва тўртинчиси рўй беради ва бунда организмнинг барча кучи сарфланиб кетади. Инфекцияга қарши антитаналар миқдори кўпайишидан тахминан икки ой ўтиб, сизда унинг камайиши рўй беради.
Шу ерда асосий савол пайдо бўлади: бу каби касалланиб тузалган одам ҳимояланган бўладими? Самарали иммунитет ҳосил қиладиган вакциналар бор. Лекин у кейинчалик тушиб кетади. Патоген эса ўзгариб, организмга қайтадан тушади ва шунда одам у билан қайта касалланади. Лекин бу сафар у касалликни осонроқ ўтказади ва ундан ўлмайди. Масалан, грипп билан шу ҳолат бўлади. Шунингдек, сариқ иситма сингари ҳам бўлиши мумкин. Унда иммунитет кўтарилади, кейин эса жуда пастлаб кетади ва лекин унинг ҳимоя функцияси 20 йилгача сақланиб қолади. Ва агар ҳозир бирор одам COVID-19’га қарши антитаналар миқдори пасайиши унга қарши иммунитетнинг ҳам ишламай қолишини билдиради деса, у жуда ҳам журъатли, лекин бўлмағур гап айтган бўлади.
-Вакцина ишлаб чиқишда сиз энг бошиданоқ бир йўлни танлаб, бошқа ёққа қарамасликка қарор қилдингизми? Нимага, масалан, 13 хил ҳар турли вакциналар эмас? Ахир баъзан фақат бир вариантга ёпишиб олса, охирида у барбод бўлиши мумкин-ку?
-Биз бундан қўрқмадик. Биз бундай ҳолатдан кўп бор ўтганмиз. Яна такрорлайман: биз MERS’га қарши икки векторли вакцина чиқаргандик ва уни кўнгиллиларга қилгандик.
-Лекин дунёда ҳар хил вариантлар бор ва ҳозир шундай бўлиб қолдики, мамлакатдаги илм-фан аҳволи қандай бўлса, унинг вакцинаси ҳам шунақа бўлади. Бизнинг вакцинанинг аналоглар – Оксфорд ва Хитой вакцинаси мавжуд.
-Бундан ташқари, Johnson&Johnson ҳам аденовирусли вакцина қиляпти. Фақат бироз ортда қолишяпти. Яъни учта яқин аналог мавжуд.
-Ўз вакцинангизнинг ва у борасидаги тадқиқотларнинг асосий фарқли жиҳатини айта оласизми?
-Тадқиқотлар ҳамма жойда бир хил: аввалига органик гуруҳ текширилади, кейин кенг кўламли тадқиқотлар албатта ўтказилади.
-Лекин сизда вектор иккита. Уларда эса бундай эмас.
-Нимага иккиталигини айтаман. Агар сиз бир векторни қилсангиз ва у қайта ҳосил бўлмаса, унда иккинчи марта қилиш керак. Айнан ўша векторни иккинчи марта қила олмайсиз. Чунки унга қарши иммун реакцияси ўткир фазада турган бўлади. Одам ҳали биринчи инексияга жавоб қайтармаган бўлади. Бунақаси, масалан, кекса одамларда учрайди. Ахир сиз ҳаммасида бир хил интакт иммунитет бўладиган оқ сичқонлар билан ишлаётганингиз йўқ-ку. Сизда популяцияда ҳар хил ҳолатлар бор. Одатда, яхши иммун реакциясини олиш учун уни кучайтириш керак ва иккинчи инексияни юбориш керак.
Биз бу нарсани сичқонларда ва приматларда яхшилаб текшириб кўрдик. Бизда айнан битта векторни икки марта киритиш борасида одамлар билан қилинган клиник синовлар бўлиб ўтди ва бунда яхши натижалар борлигини биламиз. Биринчи инексиядан кейин барча кўнгиллиларда унга жавобан реакция пайдо бўлди. Лекин иккинчи бор инексияда эса иммунитетнинг сезиларли кучайиши фақат иккинчи векторнинг бошқа компонентга асосланган шакли юборилган одамлардагина кузатилди. Айнан бир векторни юборилганларда эса кучайиш деярли сезилмади. Яъни кимдир агар фақат битта векторни икки марта киритмоқчи бўлса, у жуда суст иммунитет ҳосил қилади холос. У эса атиги 3-6 ойда йўқолиб кетиши мумкин.
-Оксфорд вакцинасидан асосий фарқингиз шундами?
-Мана сиз фарқ излаяпсиз. Мен эса ўхшашликларни қидираман. Биз одамга бир марта укол қилсак, лекин у фойда бермаса ундай принципиаллик билан ишламаймиз. Биз вакцина турли одамларга таъсир қилишига ишончимиз комил бўлиши керак.
-Кўнгиллилардан кутилмаган реакциялар кузатилдими?
-Бахтимизга бундай бўлмади. Ҳаммаси кутилганидек – ҳарорат, укол жойидаги оғриқ холос. Оз-моз тошмалар. Ҳаммаси стандарт бўйича.
-Вакцина борасида нима тайёр ва нима ҳали режалаштирилмоқда?
-Сичқонларда, маймунларда ва оғмахонда клиник текширишлардан аввалги тадқиқотлар ўтказиб бўлинди. Бехатарлиги эса каламуш, қуён ва маймунларнинг икки турида – резус макакаси ҳамда мармозеткаларда синаб кўрилди.
-Ҳаммаси жойидами?
-Ҳа, акс ҳолда бизга кўнгиллилар билан клиник тадқиқотлар ўтказишга рухсат беришмаган бўларди.
-Антитана бор ва ножўя таъсир йўқми?
-Биласизми, резус макакаси ва мармозеткаларда антитана олиш бу масаланинг энг муаммоли жиҳати эмас.
-Т-ҳужайралар-чи?
-Бу ҳам. Бу жуда оддий. Ҳайвонларда бу жуда яхши билинади.
-Бу вируснинг ўзидан ҳимоялайдими? Буни текшириб кўрдингизми?
-Ҳа, оғмахон ва резус-макакасида текширилди.
-Ҳали бу ҳақида мақола ёзмадингизми?
-Ҳозирча йўқ, лекин ёзамиз.
-Яъни кейин 38 та одамда текшириладими?
-Икки марта 38 тадан.
-Айримларига оддий вакцина, бошқаларига эса «қуритилгани» юбориладими?
-Худди шундай.
-Бу фаза якунландими?
-Якунланяпти. Аллақачон вакцина инексия қилдик ва кузатяпмиз.
-Ҳозир вакцина қилингандан буён нечанчи кун?
-28-кун
-Натижалар қандай?
-Якуний натижалар кейин маълум бўлади. Ҳозирча, айрим натижалар бор холос ва у вакцинанинг хавфсиз экани ҳамда унга қарши иммун жавоби борлигидир.
-Сиз антитаналарни, Т-ҳужайраларни ва нейтралловчи антитаналарни текширяпсиз. Менимча шу холос. Бошқа ҳеч нарсани текшириш керак эмасми?
-Мумкин. Биз турли антитаналарни турли тест тизимларида – lgG, IFА, вирусни нейтралловчи антитаналар титри, Т-ҳужайрали иммун жавоби – лимфопролиферация CD4 ва CD8 ва улар орқали гамма-интерферон ишлаб чиқарилиши кабиларни текширяпмиз. Беморлар унчалик кўп бўлмаса, уларни ҳамма тарафлама текшириш керак, биз шундай қиляпмиз. Биринчи ўринда ўзимиз учун, ахир биз вакцинамиз ҳақида максимал кўп нарса билишимиз шарт.
-Бу вакцина мажбурий бўладими?
-Бу савол менга эмас. Ўз фикримни айтишим мумкин: одамларни мажбурлаш унчалик ҳам тўғри эмас, одамлар ўзлари қарор қабул қила олади. ССВ қандайдир хатар гуруҳларини аниқлаб, уларга вакцинацияни тавсия қилиши мумкин. Булар бошқалар билан кўп мулоқотда бўладиганлар, врачлар, ўқитувчилар кабилардир. Бундай мутахассисликлар учун тавсиялар ишлаб чиқилса керак.
-Матбуотда шундай ёзишяпти: Гамалея институтида вакцина синови якунланди. Ҳаммаси исботланди. Ишлаяпти. Эмлашга тайёрланинг...
-Мен матбуот эмасман ва ундаги нарсаларга жавоб бермайман. Биз ҳақимиздаги янгиликлар кутилмаганда ёпирилиб кетяпти. Биз максимал ошкоралик қиламиз: ҳаммасини айтишга тайёрмиз. Бизда 20 хил вариант йўқ, атиги битта вариант бор. Уни тасодифан қилмаганмиз, барча маълумот мавжуд, ҳаммасини нуфузли хорижий журналларда эълон қиламиз. Клиник базанинг барча дозасини ҳақиқатан ҳам кўнгиллиларга қилдик. Ва эҳтимол, матбуотда тадқиқотлар якунланди деб ёзганда, шуни назарда тутишгандир. Лекин тадқиқот тугагани йўқ. Кўнгиллилар устидан кузатув ҳали яна ярим йил давом этади. Лекин Америкада ҳам, Россияда ҳам махсус қарорлар бор ва улар...
-Шошилтиришадими?
-Ҳа. Жараёнларни соддалаштиришни кўзда тутади. Лекин бу кўнгиллиларга вакцина қилиб қўйиб, унга нисбатан жавобгарлик соқит қилиш мумкин деган нарсани англатмайди. Улар ҳақидаги ахборот вакцинациядан кейин 42 кун ўтиб тўпланади. Кейин уч ой ўтиб, кейин ярим йил ўтиб. Лекин бизда тезлаштириш этапи ҳақида биринчи фазадан кейин ўтилиши мумкин. 42 кундан кейин биз барча маълумотни эълон қиламиз.
-Унда вакцина сентябрга тайёр бўлади деган гаплар нимани англатади? Буни қандай тушуниш керак?
-Бу дегани агар бўлса...
-Бўлмаслиги ҳам мумкинми?
-Тушунинг, бу объектив тадқиқот. Вакцина рўйхатдан ўтадими, йўқми, буни биз ҳал қилмаймиз. Биз бундай қарорга таъсир қила олмаймиз. Назорат нуқтаи назаридан бу қуйидагича ишлайди: ишлаб чиқарувчи, у шунингдек, ҳомий ҳам бўлади, вакцинани клиник базага топширади ва у ёғини ўша ўзи қилади. Биздан ҳеч нарсани сўрашмайди. Клиник база ҳужжатларни тайёрлайди. Кузатувларни, кўнгиллиларнинг кундаликларини ва ҳоказо. Буларнинг барчаси иммуногенлик таҳлили бўйича ҳужжатлар тўпламига йиғилади. Бунинг ҳаммаси ССВ экспертиза марказига юборилади. Шу ҳужжатлар асосида – клиник текширишлардан аввалги ва клиник текширишлардаги ҳужжатлар тўплами асосида айнан ССВ экспертиза маркази вакцинанинг самарадорлигини, хавфсизлигини, чегараланган шароитларда бу вакцинани чиқарса бўладими-йўқми, хуллас, вакцина «ўтиши» ёки ўтмаслигини ҳал қилади.
«Чегараланган шароитларда» дегани нима дегани? Бу дегани биз натижани янада кўпроқ сонли кўнгиллиларда такрорлаб кўрсатишимиз шарт бўлмайди дегани бўлади ва рўйхатга олиш якунланаверади. Шу сабабли, яна кенгайтирилган текшириш (халқаро таснифлашда буни учинчи фаза дейилади) ўтказиш шарт бўлади. Унда кўнгиллилар устидан кузатиш ишлари 42 кун эмас, балки ярим йил бўлади. Шундан кейингина вакцинанинг бехатар экани, самарали экани исботланади ва агар эксперт кенгаши шунга лойиқ деб топса, унда биз доимий рўйхатдан ўтказилгани ҳақидаги гувоҳномани оламиз. Ҳозир эса рўйхатдан ўтказилиши «чегараланган шароитдаги» рўйхатдан ўтказиш бўлиб, у фақат хатар гуруҳидагиларни эмлашга рухсат беради холос. Бори шу.
Дунёдан биринчи бўлиш истаги менда йўқ. Бирламчи вазифа – ўз яқинларимни ҳимоя қилиш
-Сиз рўйхатдан ўтказиш учун ушбу икки гуруҳ 38 нафардан одам билан қилинган синов етарли деб ўйлайсизми? Бу жуда оз-ку?-Бу «чегараланган шароитдаги» рўйхатдан ўтиш учун етарли. Масалан, бу ёш болаларни, кексаларни эмлашга йўл қўймайди. Лекин бу бизга каттароқ сондаги кўнгиллилар билан тадқиқотлар олиб боришга имкон беради.
-Рўйхатга олишнинг бундай схемаси билан вакцина чиқаришни тўғри деб ўйлайсизми?
-Ҳозир Америка ҳам айнан шу жойга келди. Уларда ҳам вакцина соддалаштирилган схема бўйича олинди. Умуман ҳамма у ёки бу даражада шу йўлдан борди. Британияликлар ҳам. Улар ҳозир биринчи фазадан кейин улар ҳам соддалаштирилган тарзда рўйхатдан ўтказишни амалга оширишади, мана кўрасиз.
-Фақат уларда тадқиқотларда минг нафар одам ишлади, 78 та эмас. Улар минглаб кўнгиллилар билан синовдан кейин ҳам соддалаштирилган схемага ўтадими?
-Мингтани улар ҳам узоқ текшира олмайди. Америкада ҳам, яна бошқа жойда ҳам тўлиқ тадқиқот бўлмайди.
-Шундай дағал арифметика келтириш мумкинми? Масалан, касалликдаги ўлим кўрсаткичи бир фоиз атрофида бўлса, унда вакцина бехатар эканини исботлаш учун ҳамда у ҳақиқатан ҳам фойда келтираётганини кўрсатиш учун камида 100 та одамни кузатиш керак эмасми? Масалан, қандайдир камёб, лекин жиддий ножўя эффектни кўриш, мисол учун ўша АDЕ-эффект реакциясини кўриш ёки яна бошқа бирор нарсани аниқлаш учун. Демоқчиманки, шунчаки эмлашдан келиб чиқадиган хавф касалликнинг ўзининг хавфидан паст эканига ишонч ҳосил қилиш учун. Шундай эмасми?
-Албатта, биз шундай қиламиз ҳам. Икки мингта кўнгилли иштирокидаги учинчи фаза тадқиқотлар учун протокол аллақачон ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирча у тасдиқлангани йўқ. Шу сабабли ҳали у ҳақида гапирилмади. Лекин у бор. Биз бундай катта тадқиқотдан бўйин товлаётганимиз йўқ. Биз унинг албатта ўтказилиши учун ҳамма ҳаракатни қиляпмиз.
-Агар шундай фантастик ҳолатни тасаввур қилиб кўрсак. Сиз препаратни бозорга чиқарасиз. Кейин эса нимадир чаппасига кетади, худди кинодагидек. Унда нима қиласиз? Ҳаммасини қайтариб оласизми?
-Ҳар қандай дори учун, у бизникими, ё бошқаникими – фарқи йўқ – махсус жараёнлардан ўтилади. Текширувлар қилинади. Ҳаммаси ёзиб қўйилган. Умуман олганда, биз кўнгиллилар билан рўй бераётган ҳамма нарса ҳақида ССВга рапорт топширамиз. Бизда бу борада анча қатъий назорат системаси жорий қилинган.
-ОАВдаги вакцина ҳақидаги маълумотларни ўғирламоқчи бўлган хакерлар ҳақидаги маълумотлардан келиб чиқиб сўрамоқчи эдим, вакцина ишлаб чиқишдаги маълумотларнинг қандай қисми махфий тутилади? Нимани айниқса алоҳида қатъий ҳимоялаш керак? Сиз ҳеч қачон ҳеч кимга айтмайдиган «Кошей ўлими» жойи қаер?
-Сиз қандайдир технология ичида яшаётганингизда ўзингиз истайсизми, йўқми, шундай кўпгина тажрибалар шаклланадики, уларни ҳатто патентга ҳам киритмайсиз. Уларни ўғирлаш қийин. Бу технологияни тушуниш ва ундан фойдаланиш учун 15-20 йил ишлаш керак. Хўш, буни қандай ўғирлаш мумкин? Фақат барча илмий гуруҳни ҳам бирга ўғирлаш керак бўлади. Вакцина бозорга чиққач эса унинг таркибида нималар борлигини исталган одам кўра олади. Бунда ҳеч қандай махфийлик бўлмайди.
-Дунёдан биринчи бўлиш иштиёқи борми?
-Мендами? Йўқ. Бўлиши керак эҳтимол. Лекин йўқ. Мен доим ўзим учун бошқа мақсад қўйганман. Бирламчи вазифа – ўз яқинларимни ҳимоя қилиш. Чунки бу ростдан ҳам роса қўрқинчли бўлган эди ва яқинларимни ҳимоя қилиш мақсади жуда кучли. Бунинг устига, америкаликлардан биринчи бўлиш, европаликлардан биринчи бўлиш бу – бозорни эгаллаш борасидаги молиявий мақсадлардир. Мен эса бозор эгалламайман. Мен препаратлар ишлаб чиқараман. Ва мен учун ўзим чиқарган препарат яхши бўлиши ва самарали бўлиш муҳим. Уни ким ва қандай сотиши эса албатта муҳим, лекин иккинчи даражали.
Йил охирига келиб биз йилига миллион доза вакцина чиқарадиган бўлишимиз керак
-Ахир сиз ўз тадқиқотларингизда фақат антитана ва Т-ҳужайра сингари билвосита ҳимоя эффекти белгиларга қараяпсиз. Лекин эмланганлар эмланмаганлардан кўра камроқ касалланиши борасидаги статистикани ҳали юритганингиз йўқ. Шундай эҳтимол борми, лаборатория текширувлари ҳаммаси яхши деб турган пайтда реал ҳаётда вакцина самарасиз бўлиб чиқиши мумкинми?-Албатта, бунинг ҳаммаси кузатилади ва буни кўрамиз. Эмланган ҳайвонлар эмлашдан кейин ҳимояланган бўлиб чиқяпти – оғмахонлар ҳам, маймунлар ҳам. Шу сабабли, вакцина иш бермаслиги мумкин деб ўйлашга асос йўқ. Бу билан боғлиқ ягона хавф, агар шахсий фикримни айтсам, иммунитет қанча сақланиши билан боғлиқ. У бир йил турадими, икки йилми, уч йилми – биз аниқ билмаймиз. Биз ҳам, бошқалар ҳам буни ҳозир айта олмайди. Ахир касаллик пайдо бўлганига атиги олти ой бўлди.
-Қанча доза вакцина чиқармоқчисиз?
-Чиқариш учун ишлаб чиқаришни кенгайтириш керак. Бу ўринда ССВ вакцинани ишлаб чиқариш майдончаларига имкон қадар тезроқ кўчиришга уринмоқда. Ишлаб чиқарувчилар ҳам максимал тез бозорни эгаллаши, сифат таъминланиши керак. Бу ҳам албатта муҳим вазифалардан бири бўлиб, параллел ҳал қилиб борилади.
-Айтайлик, сизда ҳозироқ рухсат бор ва сизга «қани, бизга 146 миллион доза вакцина керак!» - дейишди.
-Мен фақат Гамалея институтида бўладиган нарса учун жавоб беришим мумкин. Ҳамкасбларимиз қандай қувватларга чиқишини ўзларидан сўраш керак. (Улар ҳақиқатан ҳам бизга ҳамкор бўлади, рақиб ёки душман эмас).
-Сизларда қанча бўлади?
Йил охирига бориб биз йилига миллион доза вакцина чиқарадиган бўлишимиз керак. Йилига уч миллион дозадан беш миллион дозагача. Бизнинг ишлаб чиқаришимиз уч босқичда ташкилланади. Барча асбоб-ускуналар ва ашёлар буюртма қилинган.
-Ҳатто ҳужайраларни ўстириш учун муҳит борасида ҳам муаммолар бўлиши мумкин. Ҳаммага бир хил муҳит керак. Бундай муҳит эса биздан чиқмайди, у импорт қилинади. Бу билан муаммо бўлмайдими?
-Ҳозирча Россияни бу борада сиқувга олинаётгани йўқ. Назарий жиҳатдан ҳа, муаммо бўлиши мумкин. Лекин шахсан мен бундай нарсага дуч келмаганман. Аксинча, ишлаб чиқарувчилар буюртмани тезлаштириш учун уни COVID-19 га қарши восита яратишда фойдаланишимизга урғу бериб буюртма қилишни сўрашмоқда.
-Сиз қандайдир норозиликлардан чўчимайсизми? Масалан, аввалига амалдорларни эмлашдан бошласа-чи?
-Нима учун мен бундан чўчишим керак? Йўқ, чўчимайман. Бу савол менга эмас. Менинг масалам – яхши маҳсулот чиқариш ва шу билан менинг вазифам битади. Давлат учун устувор нарсаларга ҳукумат ва ССВ қараши керак. Агар ҳукумат бизга тегишли қарор чиқарса, биз унга амал қиламиз, ундан ташқарига чиқмаймиз. Бошқа вариант йўқ. Биз бўйсунувчи ташкилотмиз. Кимга бериш, кимни биринчи ўринда ҳимоялаш – бу ҳаммаси ҳисоб-китоб қилинади ва ҳисобланмоқда. Ишончим комил, бизда унақа – «буларни ҳимоялаймиз, буларни эса йўқ», деб ажратиш бўлмайди.
-Яна қайси жойларда сизнинг вакцинангиз ишлаб чиқарилади?
-«Р-фарм», «Генериум», «Боннофарм» – асосий ишлаб чиқариш майдонлари, бу компаниялар ўзлари бизга мурожаат қилишди ва иштирок этишга рухсат сўрашди.
-Молиявий жиҳатдан фойдалими?
-Эҳтимол. Лекин ишончим комилки, кўпчилик учун бу йирик ишларга ҳисса қўшиш имкони ҳам.
-Бу кучли иштиёқми?
-Албатта. Катта ишларга бош қўшиш, қанақадир бўлмағур ишга эмас.
-Эҳтимол, бу аҳмоқона саволдир: сиз қилаётган ишингиз борасида Россия аҳолиси олдидаги масъулиятни ҳис қиласизми?
-Албатта. Окопда тушиб олиб, ташқарида нима бўлаётганини кузатиб ўтириш керак эмас. Биз учун бу ҳақиқатан ҳам катта чақириқ ва унга муносиб жавоб бериш керак. Шундайки, бу менинг мутахассислигим, сен вирусолог, микробиолог бўла туриб, бундай жараёндан четда қолишинг мумкин эмас. Бу чақириққа биз жавоб беришимиз керак.
-Сурбетлик учун узр, лекин айтинг-чи, ўзингизнинг энг яқин қариндошларингиз коронавирус билан касалландими?
-Қариндошларим касалланди. Кексароқлари касалхонага ҳам тушиб қолди.
Изоҳ (0)