Ўзбекистонда 2020 йилнинг ўтган етти ойи давомида содир этилган жиноятларнинг ҳар учтадан биттаси фирибгарлик, ўғирлик ва йўл-транспорт ҳодисаси ҳисобига тўғри келмоқда. Бу ҳақда ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга таяниб ЎзА хабар берди.

Фото: ИИВ матбуот хизмати

ИИВ раҳбари ўтган даврда умумий йўл-транспорт ҳодисалари 18,7 фоизга, уларда вафот этганлар сони — 10,7 фоизга, жароҳатланганлар эса — 22,2 фоиз камайишига эришилган бўлса-да, бу соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўплигини таъкидлаган.

«Агар қасддан содир этилган қотиллик жиноятларида охирги уч йил ва 2020 йилнинг 7 ойида 1,5 минг нафардан зиёд одам вафот этган бўлса, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларида қотилликка нисбатан беш баробар кўп ёки 7,5 мингдан зиёд фуқаро ҳалок бўлган», — дейилади хабарда.

Бобожоновнинг қайд этишича, охирги йилларда йўл-транспорт ҳодисалари, айниқса, оғир оқибатли ҳолатларни ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш амалиёти йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, ходимларнинг фуқароларга сифатли хизмат кўрсатишини таъминлаш ва муомала маданиятини ошириш учун сўнгги икки ярим йил ичида йўл-патруль хизмати ходимлари навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилган. Фуқаролар билан мулоқотда қўпол камчиликларга ёки қонун бузилишига йўл қўйганлиги учун 142 нафар ходим ишдан бўшатилган.

Аввалроқ ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Ўзбекистондаги жазони ижро этиш тизимидаги маҳкумлар сонини маълум қилганди.