Ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Уйчи тумани мутасаддилари иштирокидаги зиёфат видеоси тарқалди; таъкидланишича, тадбир кучайтирилган карантин тартиби амал қилаётган, хусусан, кўпчилик иштирокида йиғин-маросимлар ўтказиш тақиқланган вақтда юз берган.
Уйчи тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муҳаммадали Қамбаровнинг «Дарё» мухбири Миролим Исажоновга маълум қилишича, зиёфат 28 июнь куни тумандаги емакхоналардан бирида уюштирилган (маълумот учун, 26 июнь ҳолатига кўра Уйчи тумани «қизил» ҳудуд бўлган, шу боис тумандаги умумий овқатланиш муассасаларида зиёфат ўтказиш мумкин эмасди).
«Лавҳада ‘Уйчи тумани ҳокими’ дея қайта-қайта айтилган бўлса-да, тасвирда аслида туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Мухторжон Бобожонов акс этган. Бундан ташқари, зиёфатда туман ИИБнинг ташкилий ишлар бўлими бошлиғи Ҳусанбой Тўхтабоев ҳамда Наманган шаҳар Давлат хизматлари маркази бошлиғи Нодирбек Исомиддинов ҳам қатнашган», — деди Қамбаров.
Видеода давра ўртасида берилиб доира чалаётган фуқаро эса уйчилик созанда Мухторжон Турсунов, қолган фуқаролар эса уларнинг дўстлари. «Гарчи ушбу ҳолат дам олиш куни, ишдан ташқари пайтда бўлиб ўтган бўлса-да, касб одоби ва этикасига тўғри келмаслигини билдирамиз», — дея қўшимча қилди Муҳаммадали Қамбаров.
Туман ҳокимлиги вакилининг алоҳида қайд этишича, Мухторжон Бобожонов масъул раҳбар бўла туриб, карантин қоидаларига амал қилмагани, хатога йўл қўйганлиги ва мазкур хатти-ҳаракатлари учун унга туман ҳокимининг 12 августдаги фармойиши билан «ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланилган.
Ҳусанбой Тўхтабоевнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан эса туман ИИБ томонидан хизмат текшируви олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)