Geared Online аукционида 54 ёшли Ferrari 275 GTB Long Nose («узун бурун») сотувга қўйилди. Якуний натижа кутилганидан ҳам ўтиб тушди: автомобиль 3,08 миллион долларга сотилган бўлиб, у онлайн савдолар орқали ўзининг янги эгасини топган энг қиммат моделга айланди, деб хабар беради Motor.
Автомобиль нархининг бу қадар қимматлиги унинг ажойиб ҳолатда сақлангани билан боғланмоқда. Ferrari 275 GTB 1966 йилда ишлаб чиқарилганидан буён 81 минг километр йўл босган бўлиб, бу давр ичида бир неча бор қўлдан қўлга ўтган. Рекорд даражадаги нусха оргинал Bianco оқ рангига бўялган, салони чарм билан қопланган. Марказий консолдан Blaupunkt радиоси ва Jaeger хронографи ўрин олган.
Ferrari 275 GTB бунга қадар онлайн савдоларда 2003 йилги Ferrari Enzo томонидан ўрнатилган рекордни янгилаган — шу йилнинг июнида Enzo RM Sotheby’s интернет-аукциони орқали 2,64 миллион долларга сотилган эди.
Изоҳ (0)