Ўзбекистонда 11 август соат 23:30 дан 12 август соат 23:30 гача коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 671 та ҳолат қайд этилди. Бу 27 июлдан бери энг кам касаллик аниқланган кун бўлди. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 32 654 нафарга етди.

ССВ ҳисоби бўйича 211, «Дарё» ҳисоби бўйича 220 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 671 кишининг барчаси коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 425 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 142 нафар;
  • Қорақалпоғистонда — 30 нафар;
  • Самарқанд вилоятида — 23 нафар;
  • Бухоро вилоятида — 23 нафар;
  • Сирдарё вилоятида — 15 нафар;
  • Андижон вилоятида — 7 нафар;
  • Қашқадарё вилоятида — 6 нафар.

Кун давомида 8 та ҳудудда коронавирус юқтириб олиш ҳолати қайд этилди.

Тошкент шаҳрида 425 кишида коронавирус аниқланди. Август ойининг ортда қолган 12 куни ичида Тошкентда энг кам касаллик аниқланган кунда (2 август) 325 кишида, энг кўп касаллик аниқланган кунда (9 август) 509 кишида COVID-19 қайд этилди. 1—12 август оралиғида пойтахтда (карантин зонасида аниқланган ҳолатларни ҳисобга олмаса) 5093 та янги ҳолат аниқланди. Эпидемия бошлангандан буён ҳеч қайси ҳудудда бунча касаллик аниқланмаган. Пойтахтда коронавирусга чалинганлар сони 19 689 нафарга етди. Бу Ўзбекистон бўйича касалланиш ҳолатларининг 60,3 фоизига тенгдир.

Тошкент вилоятида 142 кишида COVID-19 аниқланди. Вилоятда 23 июлдан бошлаб ҳар куни касалликка чалиниш ҳолатлари қайд этилмоқда, 26 июлдан бери эса ҳар куни коронавирусга чалинганлар сони 100 нафардан ошмоқда (икки марта 200 тадан ҳам ошди). Август ойининг 12 куни ичида Тошкент вилоятида (карантин зонасида аниқланган ҳолатларни ҳисобга олмаса) 2002 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда коронавирусга чалинганлар сони 4812 нафарга етган, бу бутун Ўзбекистондаги касалланиш ҳолатларининг 14,74 фоизига тенгдир.

Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 32 654 та ҳолатнинг 75 фоизи, ёки ҳар 4 кишидан 3 нафари Тошкент шаҳри ва вилоятида рўйхатга олинган.

Қорақалпоғистонда 30 кишида коронавирус аниқланди. Бу Қорақалпоғистон учун рекорд. Республикада илгари ҳеч қачон бир кунда 30 кишида касаллик қайд этилмаган. Август ойида Қорақалпоғистонда жами 70 кишида коронавирус аниқланди. Қорақалпоғистон коронавирусга чалинганлар сони 400 нафардан ошган 12-ҳудуд бўлди.

Самарқанд вилоятида 23 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда август ойининг ўзида 388 кишида коронавирус қайд этилди, аммо булардан 300 га яқини соғайишга улгурган, айни вақтда Самарқандда 95 киши коронавирусдан даволанмоқда. Самарқанд Тошкент шаҳри ва вилоятидан сўнг коронавирусга чалинганлар сони (1326 нафар) бўйича 3-ўринда бормоқда. Ҳозирда Самарқандда коронавирусга чалинганлар сони Жиззахда аниқланган касалланиш ҳолатларидан 9 баробар кўпдир.

Бухоро вилоятида 23 кишида COVID-19 аниқланди. Август ойида Бухорода коронавирусга чалиниш ҳолатлари 173 тага кўпайиб, жами 1001 нафарга етди. Бухоро коронавирусга чалинганлар сони 1000 нафардан ошган Тошкент шаҳри, Тошкент, Андижон ва Самарқанд вилоятларидан сўнг 5-ҳудуд бўлди. Коронавирус юқтириб олганлар орасида Бухоро вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов ҳам бор, унда 25 июль куни коронавирус аниқланган, ҳозирда у Тошкентда даволанмоқда. Коронавирусдан даволанаётган Карим Камолов ва бошқа мансабдорларнинг аҳволи ҳозир қандайлиги бўйича 11 август куни АОКАда ўтказилган брифингда савол берилди. Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Рустам Икромов умумий жавоб бериб, уларнинг саломатлигида ташвишли нарса йўқ, даволаш ишлари давом этаётганини таъкидлади.

Сирдарё вилоятида 15 кишида коронавирус қайд этилди. 17 июлдан бошлаб ССВ Сирдарё вилоятининг статистикасини Тошкентдан алоҳида беришни бошлади. Ўша кунгача вилоятда касалланганлар сони 213 нафарни ташкил этган бўлса, ортда қолган 27 кун ичида Сирдарё вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 505 кишига кўпайди ва ҳозирда 718 нафарни ташкил этмоқда.

Андижон вилоятида 7 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда сўнгги 18 кун ичида фақат 8 август куни янги ҳолатлар аниқланмади. Ҳозир Андижонда коронавирусга чалинганлар сони 1123 нафарга етган. Бу водийнинг қолган икки вилояти — Наманган (789 та ҳолат) ва Фарғона (302) вилоятларидаги умумий касалланганлар сонидан (1091) ҳам кўп деганидир.

Қашқадарё вилоятида 6 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда 8 августдан бери энди янги ҳолатлар қайд этилмоқда. Қашқадарёда 9 июлдан сўнг касаллик аниқланган кунларда янги ҳолатлар ҳеч қачон 10 тадан кам бўлмаганди.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ Тошкент шаҳрида 5 нафар бемор вафот этганини хабар қилди. Август ойида 8 ва 12 августдан бошқа барча кунларда ССВ 6 нафардан бемор вафот этаётгани ҳақида ахборот берди.

Биринчи ўлим. Чилонзор туманида яшаган 61 ёшли Ш.А. исмли аёл вафот этган.

Иккинчи ўлим. Яшнобод туманида яшаган 55 ёшли Б.А. исмли эркак вафот этган.

Учинчи ўлим. Шайхонтоҳур туманида яшаган 84 ёшли А.А. исмли эркак вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Миробод туманида яшаган 67 ёшли Э.П. исмли эркак вафот этган.

Бешинчи ўлим. Шайхонтоҳур туманида яшаган 60 ёшли М.М. исмли эркак вафот этган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 211 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 220 нафарни ташкил этмоқда. Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов коронавирус асоратларидан вафот этгани, Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги 9 ва 15 июль кунлари шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёлда коронавирус тасдиқлангани ҳақида хабар берган. Шунингдек, 19 июль куни Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова, 22 июлда бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган 66 ёшли Ҳакимбай Халимов коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган. 31 июль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси, 53 ёшли Хайриддин Шермуҳамедов, 1 август куни Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси «Буюк келажак» кенгаши эксперти Санжар Жалолов 58 ёшида вафот этгани хабар берилди. Бироқ ушбу тўққиз ҳолат ҳақида ССВ томонидан айни вақтгача ахборот берилмаган.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди.

Айни пайтда коронавирус инфекциясидан даволанаётган 6784 нафар бемордан 1375 нафари оғир, 410 нафари эса ўта оғир аҳволда. Аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг сони ҳозирда 1785 нафарни ташкил этмоқда. Бу даволанаётган беморларнинг 26,3 фоизининг аҳволи оғирлигини билдиради. Бошқача айтганда, даволанишдаги ҳар 4 бемордан 1 нафарининг аҳволи оғир бўлиб турибди.

Касалликдан даволаниш

12 август куни 1569 нафар бемор коронавирусдан соғайди. Бу янги рекорд ҳисобланади. Аввалги рекорд 2 август куни ўрнатилган бўлиб, ўшанда бир кунда 1208 нафар бемор касалликдан тузалганди. 12 августда Тошкентнинг ўзида 1200 дан ортиқ одам соғайди.

Янги тузалганларнинг

  • 1245 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 215 нафари Тошкент вилоятида;
  • 47 нафари Қорақалпоғистонда;
  • 14 нафари Самарқанд вилоятида;
  • 14 нафари Андижон вилоятида;
  • 12 нафари Наманган вилоятида;
  • 10 нафари Сирдарё вилоятида;
  • 6 нафари Қашқадарё вилоятида;
  • 6 нафари Навоий вилоятида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига аниқлик киритилмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Коронавирусдан даволанганлар орасида халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳам бор. Шерматов коронавирусга чалингани маълум қилинган Ўзбекистондаги биринчи вазир ҳисобланади. У ҳозирда уй шароитида реабилитацияда.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 32 654 нафар бемордан 25 659 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 78 фоизни ташкил этмоқда. Охирги марта 60 кун олдин — 13 июнь куни даволаниш кўрсаткичи 78 фоиз бўлганди. Шундан сўнг бу кўрсаткич фақат пастлаб, 21-23 июль кунлари 53 фоизгача тушиб кетганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 6784 нафар бемор COVID-19’дан даволанмоқда. 29 июль куни беморлар сони 9500 дан ортиқ эди. 30 июлдан бошлаб даволанаётган беморлар сони камая бошлади. Айни пайтда даволанаётган беморлар сони 18 июль кунидаги беморлар сонидан (ўша куни 6976 нафар бемор даволанаётганди) ҳам камайди.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 5336 нафар. Фарғонада 4, Жиззахда 9, Навоийда 17, Хоразмда 37, Қашқадарёда 38, Қорақалпоғистонда 39, Сурхондарёда 45, Наманганда 50, Андижонда 51, Сирдарёда 66, Бухорода 90, Самарқандда 95 ва Тошкент вилоятида 907 нафар бемор қолди.

Тошкент шаҳрида кун давомида рекорд даражада — 1245 киши коронавирусдан соғайгач, пойтахтда даволанаётган беморлар сони 20 июлдан бери энг минимал даражага тушди. Тошкент вилоятида эса кетма-кет 5-кун коронавирусдан соғайганлар сони 200 нафардан ошмоқда.

Карантиннинг юмшатилиши

Президент Шавкат Мирзиёев 12 август, чоршанба куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳар бир фуқаронинг соғлиғи ва ҳаёти учун курашни янада кучайтирган ҳолда, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда аҳолининг яшаш шароитини енгиллаштириш мақсадида карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш зарурлигини таъкидлади. «Халқимизнинг ўзи шуни илтимос қилмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

Республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарори билан қуйидагиларга рухсат берилди:

2020 йил 15 августдан бошлаб:

  • автотранспорт воситаларининг кун давомида тўлиқ ҳаракатланиши;
  • маҳаллий авиақатновлар ва темир йўл қатнови;
  • очиқ ҳавода хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона);
  • нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаблар, шунингдек, ўқув курслари (марказлари);
  • санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, пляжлар, хостеллар, ижарага бериладиган дала ҳовлилар ва бошқа дам олиш масканлари.
  • музейлар;
  • гўзаллик салонлари ва сартарошхоналар;
  • оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказиш. Бунда ушбу тадбирларни фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисининг ўзида 30 кишидан кўп бўлмаган (фақат яқин қариндошлар ва ушбу туман ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа қариндошлар) ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берилади.

2020 йил 17 августдан бошлаб:

  • ҳудудлар (Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) ўртасида автотранспорт воситалари қатновини тиклаш;
  • жамоат транспорти, шаҳар (туман) ва шаҳар атрофи йўналишлари бўйича автобус қатнови (метрополитен фаолияти бундан мустасно).
  • диний ташкилотлар фаолиятига (ҳар куни дезинфекция ишларини амалга ошириш ҳамда қатъий ижтимоий масофани сақлаш чекловларига риоя этилишини таъминлаган ҳолда). Бунда диний ташкилотларда жума, шанба ва якшанбалик диний хизматларни вақтинчалик амалга оширмаслик талаб этилади.

2020 йил 20 августдан бошлаб:

  • буюм ва қурилиш маҳсулотлари бозорлари ҳамда буюмлар савдоси билан шуғулланувчи йирик дўконлар;
  • спорт заллари, фитнес клуб, тренажёр ва бассейнлар фаолиятига рухсат берилади.

Қуйидаги карантин чекловлари (тақиқлар) 2020 йил 15 августдан кейин ҳам сақлаб қолиниши белгиланди:

  • фуқароларнинг жамоат жойларида ижтимоий масофани (2 метр) сақлаши, тиббий ниқобда бўлиши, бунда улар томонидан санитар талаблар бузилган тақдирда қатъий чоралар (жаримага тортиш) кўриш;
  • тана ҳарорати 37 даража ва ундан юқори бўлган ёхуд инфекция аломатлари мавжуд бўлган фуқароларнинг жамоат жойларига чиқмаслиги;
  • давлат органлари, ташкилотларида йиғилишлар ўтказишни тақиқлаш, зарур ҳолларда йиғилишларни видеоконференсалоқа режимида ўтказиш;
  • томоша, маданий-кўнгилочар (театр, кинотеатр, концерт заллари, тўйхоналар, фаолияти) ва оммавий тадбирлар ўтказиш;
  • парклар ва истироҳат боғларидаги аттракционлар фаолияти;
  • умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона) фаолияти (очиқ ҳавода хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш объектлари бундан мустасно);
  • тунги клублар, дискотека, спа ва массаж салонлар, караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) ва компьютер ўйинлари марказлари фаолиятига йўл қўймаслик;
  • 65 ёшдан ошган шахсларнинг ўзини ўзи яккалаш ҳаёт тарзида яшашини тавсия этиш ва огоҳлантирувчи тарғибот ишларини амалга ошириш;
  • йўналишсиз таксиларда йўловчи ташиш учун автотранспорт воситаси салонида ҳайдовчи ўриндиғи йўловчилар ўриндиғидан шаффоф пластик ёки махсус плёнка билан тўсилган бўлиши, ҳайдовчи ва йўловчи тиббий ниқобда бўлиши (тиббий ниқобсиз йўловчини ташиш тақиқланади), йўловчиларни автотранспорт воситаси салони орқа ўриндиғига ўтказилиши ҳамда фақат ўз (автотранспорт воситаси давлат рўйхатидан ўтказилган) ҳудудида ҳаракатланиш.