Бугунги пандемия шароитида Ўзбекистонда аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш, «темир дафтар»га киритилган оилаларни камбағаллик рўйхатидан чиқариш ва бунинг учун уларга ҳар жиҳатдан кўмак бериш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Наманган вилоятида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилиб, ўзига хос тажриба яратиляпти. «Дарё» мухбири вилоятга қилган сафари давомида Норин туманидаги бир қанча аҳоли хонадонлари ва янги қиёфа касб этаётган объектларда бўлди.

Фото: Норин туман ҳокимлиги ахборот хизмати

611 та оила «темир дафтар»дан чиқарилди

Фермер-у тадбиркорлари билан республикада донг таратган Норин туманида 57 та МФЙ мавжуд бўлиб, 30 минг 796 та хонадонда 163 минг 800 доимий аҳоли истиқомат қилади.

Туман ҳокимлиги тақдим этган маълумотга кўра, «темир дафтар»га киритилган 1 минг 157 та оилада 5 минг 57 нафар фуқаро яшайди. Бу эса жами аҳолининг 3,1 фоизини ташкил этади.

Халқ депутатлари Норин туман кенгашининг 6 июлдаги қарорига асосан, «темир дафтар»даги оилалардан 611 таси камбағаллар рўйхатидан чиқарилди.

Фото: Норин туман ҳокимлиги ахборот хизмати

«Пандемия даврида ‘Саховат ва кўмак’ умумхалқ ҳаракати доирасида ‘темир дафтар’даги барча оилалар аъзоларига жами 2 миллиард 842 миллион сўмлик ёрдам кўрсатилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 29 июлдаги фармойишига мувофиқ, ‘темир дафтар’га киритилган 4 та сектордаги 622 та эҳтиёжманд оилага 580 миллион сўм пул берилди.

Фото: Норин туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Бундан ташқари, давлат раҳбарининг 30 июлдаги фармони ижросини таъминлаш ҳамда туман аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш баробарида мухтож оилаларнинг ҳар бир аъзосига 220 минг сўмдан пул кўринишида моддий ёрдам кўрсатилди. Хусусан, 4 минг 565 нафар фуқарога 1 миллиард 4 миллион 300 минг сўм нақд пул кўринишида маблағлар тарқатилди», — деди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Жўрабек Нурматов.

Фото: Норин туман ҳокимлиги ахборот хизмати

«Камбағал оилалар рўйхатидан ўз хоҳишимиз билан чиқдик»

Ҳудуднинг «Мирсултончек» маҳалласи фуқароси Дилфуза Болтабоева хонадони ҳам «темир дафтар»дан чиқарилган оилалардан бири. Унинг ўзи бизга бу ҳақда шундай деди:

«Июнь ойида ишчи гуруҳи вакиллари уйимизга келиб, оилавий шароитимизни ўрганишди ва ‘темир дафтар’га киритишди. Шу пайтга қадар ўзим уй бекаси эдим. Турмуш ўртоғим эса Россияда мигрант бўлиб ишларди. Бир нафар вояга етмаган фарзандимиз бор.

Бизга туман ҳокимлиги томонидан жуда кўп ёрдамлар кўрсатилди. Умр йўлдошимни ‘софлик боғи’ фермер хўжалигига ишга жойлашди. Ўзим эса туман ободонлаштириш бўлимида ишлаяпман. Иккаламизнинг ойлик маошимиз 1 миллион 200 минг сўм атрофида. Такрорий экин учун 50 сотих ер ажратилди. Ҳозир мош ва кунгабоқар баравж ўсмоқда.

Фото: Норин туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Бундан ташқари, Президент совғаси сифатида 800 минг сўм ҳайитлик пули берилди. Шунингдек, уйимизга иссиқхона ҳам қурилди. У ерга лимондан ташқари, саримсоқпиёз ва бодринг экдик.

Бундай ғамхўрликлардан жуда ҳам хурсанд бўлиб, ўз хоҳишимиз билан оиламизни ‘темир дафтар’дан чиқаришларини сўрадик. Чунки кўп яхшиликлар кўрдик, шунча шароит яратиб беришди. Барча раҳбарлардан миннатдормиз», — деди Дилфуза Болтабоева.

1 минг 768 нафар фуқаро ишсиз

Ҳокимлик вакилининг таъкидлашича, ҳозирда камбағал оилалардаги ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ҳам муҳим чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Ўтказилган хатлов натижаларига кўра, ‘темир дафтар’даги 1 минг 157 та оилада 1 минг 768 нафар ишга лаёқатли ёки ишга мухтож фуқаро борлиги аниқланди.

Фото: Норин туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Ушбу фуқароларни йил якунигача оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, инвестиция лойиҳалари, қишлоқ хўжалиги, қурилиш соҳаси ва жамоат ишларига жалб қилиш орқали ишга жойлаштириш режалаштирилган.

«Паррандачилик кластери яратмоқчиман»

«Кемабоши» маҳалласида яшовчи Сарварбек Худойбердиев етти йил мобайнида Жанубий Кореянинг бир қанча шаҳрида меҳнат қилди. 2020 йил бошида Ўзбекистонга қайтгач, тадбиркорлик фаолиятини бошлашга киришди. У қишлоғидаги ‘темир дафтар’га кирган оилаларни камбалағлликдан қутқариб, иш ўринлари яратиш истагида.

Фото: Норин туман ҳокимлиги ахборот хизмати

«Уч йил умрим паррандачилик фермасида ўтди. Бу соҳада кўп нарсаларни ўргандим, тажриба орттирдим. Товуқ боқиш сирлари, фойда ва зарарлари ҳақида кўп малумотга эга бўлдим. Мусофир юртда кўрган ва билганларим асосида тадбиркорликни бошлашга қарор қилдим.

Қишлоғимизни янада ривожлантириб, камбағал оилалар сонини қисқартириш ҳамда ишбилармонлар сафини кенгайтириш мақсадида туман ҳокимлигига ер масаласида ёрдам сўраб бордим. Ҳоким билан учрашиб, унга ўз режаларимни айтдим. Қисқа вақт ичида менга 25 сотих ер ажратилди. Ишим тез битганидан ҳам қувондим, ҳам ажабландим. Чунки ер олишда анча сарсон бўлсам керак, деган хавотир бор эди.

Фото: Норин туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Қурилиш ишларини май ойида бошладик. Ҳозир эса кўриб турганингиздек, жараён жуда қизғин. Декабргача фаолиятимизни юритишни режалаштиряпмиз. Айни пайтда кредит олишга эҳтиёжим йўқлиги боис ўзим йиғиб, тўплаган маблағларни ишлатяпман. Барча замонавий технологиялар Кореядан олиб келинади. Бошида 8 мингта парранда боқсак, кейинчалик улар сонини 25 мингтагача кўпайтирамиз.

Фото: Норин туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Кўпчилик менга ‘Ҳозир ўзбекистонликлар орасида Кореяга ишга кетишга ҳаракат қилаётганлар жуда кўп. Сен эса нега бу ерда юрибсан?’, дея савол беряпти. Уларнинг гапида ҳам жон бор. Аммо мен туманимиздаги шароити оғир хонадонларга ёрдам бериб, уларни парранда боқишга ўргатмоқчиман ва шу орқали доимий ишчи ўринлар яратмоқчиман. ‘Темир дафтар’га кирган оилаларга жўжалар тарқатиб, маслаҳатлар бериб бораман ва паррандалар катта бўлганидан кейин уларни яна ўзим харид қиламан. Бир сўз билан айтганда, паррандачилик кластери яратиш ниятидаман», — деди Сарварбек.

Коллеж ётоқхонаси корхонага айлантирилмоқда

Фаолияти тўхатилган Норин қурилиш касб-ҳунар коллежи ётоқхонаси текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхонага айлантирилмоқда. Айни пайтда таъмирлаш ишлари сўнгги босқичда.

Фото: Норин туман ҳокимлиги ахборот хизмати

«Ушбу лойиҳа МЧЖ шаклидаги қўшма корхонамиз томонидан бир миллион доллар хорижий инвестицияни тўғридан-тўғри ўзлаштирилиши ҳисобига амалга ошириляпти. ‘Шўрариқ’ МФЙда жойлашган собиқ қурилиш касб-ҳунар коллежи ётоқхонаси замонавий корхонага айлантирилгач, 200 нафар янги иш ўрни яратилади. ‘Темир дафтар’даги оилаларнинг 70 нафар ишсиз хотин-қизини ҳам ишга олиш режалаштирилган.

Фото: Норин туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Лойиҳанинг йиллик қуввати 2 миллион доллар бўлиб, асосан, болалар кийим-кечаклари, эркаклар ва аёллар учун момиқ халатлар, футболка ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларимиз Россия, МДҲ ва Европа мамлакатларига 100 фоиз экспорт қилинади.

Фото: Норин туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Бугунга келиб, 300 минг доллар хорижий инвестиция маблағи қурилиш ишларига сарфланди. Жараённинг 90 фоиз қисми якунланган. Ҳозир ички пардозлаш ишлари кетяпти. Корхона сентябрь ойида қурилиб, фаолият бошлайди», — деди «Мир ситй» қўшма корхонаси раҳбари Фотимахон Мирсаидова.

Муаллиф:Миролим Исажонов