Олий таълим муассасаларига кириш учун ўтказиладиган имтиҳонлар вақтида абитуриентларга тиббий воситалар, ручка ва ичимлик суви бепул берилади. Бу ҳақда Давлат тест маркази директори Мажид Каримов маълум қилди.
«Абитуриентларга уларнинг хавфсизлиги таъминлаш мақсадида ҳар бирига антисептик воситалар, тиббий қўлқоп ҳамда ниқоб берилади.
Бундан ташқари, бу шароитда вазиятни эътиборга олиб, уларга бош кийим бериш режалаштириляпти. Абитуриентлар ҳар бири бош кийими билан ўзининг жойига бориб ўтиради», – дейди Мажид Каримов.
Шунингдек, марказ директори юқоридаги воситалар давлат томонидан бепул берилишини таъкидлаб ўтди.
«Буларнинг ҳаммаси давлат томонидан тақдим этилади. Бундан ташқари абитуриентларга ручка ва ичимлик суви берилади», – дейди Мажид Каримов.
Аввалроқ ОТМга кириш учун ўтказиладиган имтиҳонлар стадионларда бўлиб ўтиши маълум қилинган эди. Имтиҳонларни 2 сентябрдан бошлаш кўзда тутилган.
Изоҳ (0)