АҚШ расмийлари Афғонистондаги Америка контингентини 5 минг кишигача камайтирмоқчи. Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер Fox News телеканали эфирида маълум қилди.
«Биз ноябрь охирига бориб ҳарбийлар сонини беш минг кишидан ҳам қисқартирмоқчимиз», — деган у.
Эспернинг билдиришича, Афғонистондаги тинчлик жараёни «идеал эмас, аммо секин-аста одимламоқда». Шу сабабли АҚШ муҳим вазифаларни, биринчи навбатда террорчилик таҳдидининг олдини олиш вазифасини Афғонистонда кам сонли ҳарбийларни қолдирганда ҳам амалга ошира олишига умид қилмоқда.
Афғонистондаги Америка контингентининг қисқартирилиши ҳақида 4 август куни АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам маълум қилганди. У ноябрь ойида ҳарбийлар сони 4-5 минг нафар бўлишини билдирган. Ҳозирда Афғонистонда АҚШнинг қарийб 8 минг нафар ҳарбий бор.
Маълумот учун, АҚШ қўшинлари ва унинг иттифоқчилари Афғонистонда 2001 йилдан бери бўлиб келмоқда. 29 февралда Қатар пойтахти Доҳада АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод ҳамда «Толибон» етакчисининг ўринбосари, ҳаракатнинг Қатардаги офиси раҳбари мулла Абдулла Ғани Бародар келишув битимини имзолаган, унда Американинг барча қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш кўзда тутилган. «Толибон» эса ўз навбатида бошқа террорчилик гуруҳ вакилларини яширмаслик ва Афғонистон ҳукумати билан тўлиқ музокаралар олиб бориш мажбуриятини олган эди.
Март ойида ушбу тинчлик битими доирасида АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлади ва улар сони 4,5 ой ичида 13 000 дан 8 600 га камайтириши, ҳарбийларнинг мамлакатдан тўлиқ чиқарилиши 14 ой ичида якунланиши кераклиги маълум қилинди.
Изоҳ (0)