10 августга ўтар кечаси Минскда содир бўлган норозилик намойишлари оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Весна» инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари Валентин Стефановичга таяниб, «ТАСС» хабар берди.
Норозилик намойиши иштирокчиси акция қатнашчилари устига махсус транспорт воситасининг бостириб бориши оқибатида бошидан жароҳат олган. Шунингдек, яна уч киши жароҳатланган.
Стефанович марҳумнинг исми, ёши ва жинси ҳақида маълумот бермаган. Telegram’даги Nexta каналининг ёзишича, тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Евгений Заичкин исмли фуқаро ҳалок бўлган. Беларусь ИИВ мазкур ҳолатга изоҳ бермаган.
Аввалроқ Беларусь пойтахти Минскда президентлик сайловларидан сўнг, норозилик намойишлари бошлангани тўғрисида хабар берилганди. Акция иштирокчиларининг айримлари махсус автомобилни тўхтатишга уринган. Улардан бири машинанинг олд бамперига осилиб олган, ҳайдовчи тезликни оширгач, у ғилдираклар остида қолиб кетган.
Беларусда 9 август куни президент сайлови бўлиб ўтди. Дастлабки расмий маълумотларга кўра, унда сўнгги 26 йилдан бери мамлакатга раҳбарлик қилиб келган Александр Лукашенко 80 фоиз овоз билан олдинда бормоқда. Айни вақтда, мустақил экзит-пол маълумотлари сайловда Лукашенконинг энг асосий рақиби — Светлана Тихановская катта устунликка эришганини кўрсатмоқда.
Изоҳ (0)