Классик Rolls-Royce автомобили Украинанинг Киев шаҳрида сотувга қўйилди. Бу ҳақда Carakoom хабар берди.
Rolls-Royce Silver Spur Mulliner Park Ward лимузинлари нафақат ноодатий балки, жуда кам нусхада 1993 йилда ишлаб чиқарилган. Улар бор-йўғи 24 тани ташкил этади. Уларнинг 18 донаси Бруней султони Ҳассанал Болкиаҳ коллекциясида сақланади.
Лимузин Украинага Швейцариядан келтирилган. Айни дамда машинанинг ҳолати аъло даражада бўлиб, босиб ўтган масофаси 67 минг километрни ташкил этади. Суратларга қараганда, унинг ҳолати чиндан ҳам яхши.
Лимузиннинг узунлиги 6 метрга етади, ичкарида эса телевизор, DVD-плеер, музлаткич, кристалл идишлардан ташкил топган бар ҳамда йиғиладиган столлар мавжуд. Безакларда табиий оқ чарм ва ёғочлардан фойдаланилган.
Автомобиль 250 от кучига эга 6,75 литрли V8 мотори ҳамда 4 босқичли автомат узатмалар қутиси билан таъминланган. Бундай эксклюзив автомобиль 65 000 долларга баҳоланди.