Ўзбекистонда пандемия шароити мураккаб кечаётганлиги, карантин чекловлари бекор қилинмаётганлиги ёки юмшатилмаганлиги боис олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларини ўтказиш муддатлари тест топширувчилар саломатлигига зарар етмайдиган вазият келгунга қадар кейинга сурилмоқда ва бу ҳақда жамоатчилик мунтазам хабардор қилиб борилади. Бу ҳақда Давлат тест маркази ахборот хизмати хабар қилган.

Фото: «Дарё»

«Кейинги кунларда турли интернет нашрларида кириш имтиҳонлари усти очиқ катта майдонларда, эрталаб ва кечки сменада ўтказилиши, шунингдек, аниқ саналар белгиланганлиги тўғрисида хабарлар тарқалмоқда.

Бу борада расман шуни маълуми қиламизки, айни кунларда Давлат тест маркази томонидан жараёнларни, энг аввало, тест топширувчилар саломатлиги хавфсизлигини таъминлаган ҳолда ташкил этиш борасида турли вариантлар ўрганиб чиқилмоқда.

Қайд этиш керакки, ушбу ҳаракатлар ҳали ўрганиш босқичида бўлганлиги сабабли ҳозирдан ‘шундай бўлади’ каби хабарларни тарқатиш абитуриентларни чалғитиши, тестга тайёргарлик жараёнига таъсир кўрсатиши мумкин.

Шуларни ҳисобга олиб, Республика комиссияси кўрсатмаси асосида соғлиқни сақлаш ташкилотлари билан биргаликда 2020 йилги қабул тест синовларини ўтказиш учун мақбул ва хавфсиз жойлар танланиб, аниқ саналар белгилангач, Давлат тест маркази томонидан оммавий ахборот воситалари орқали ишончли хабар берилади. Бунга қадар абитуриентлардан турли хабарларга эътибор қилмасдан вақтдан унумли фойдаланишларини, тест синовига пухта тайёргарлик кўришни давом эттиришларини сўраб қоламиз», – дейилади ДТМ ахборотида.

Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтиҳонларини 25 июлдан 20 августгача ўтказиш режалаштирилаётганди. Бироқ мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашаётгани сабабли 10 июлдан 1 августгача мамлакатда қатъий карантин чоралари жорий қилинди ва кейинчалик карантин 15 августга қадар узайтирилди. 22 июлда АОКАда ўтган брифингда Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов имтиҳон чекловлар 1 сентябргача давом этса, сентябрь ойида ўтказилиши мумкинлигини айтганди. Шунингдек, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги 2020/2021-ўқув йили қабули учун магистратурага ҳужжат топширган ва муайян сабабларга кўра аризаси қабул қилинмаган абитуриентларга муаммони бартараф қилиш учун 4 августдан 6 август соат 11:00 гача вақт берган.

Рўйхатга олиш 20 июндан 20 июлга қадар барча ҳудудларда ДТМнинг расмий веб-сайти ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали , республиканинг 8 та туманида эса Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилди. 21 июль куни абитуриентларни рўйхатга олиш якунланди. Рўйхатдан ўтган жами абитуриентлар сони 1 484 085 нафарни ташкил этди. Уларнинг энг ёши 13, энг каттаси 95 ёшда.