Бухоро вилоятида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар бир эҳтиёжманд фуқарога 200 минг сўмдан моддий ёрдам берилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ҳокими ахборот хизмати раҳбари Олим Жўраев хабар берди.
Билдиришича, мазкур маблағ шаҳар ва туманлардаги мавжуд 13 та ҳудуд ва секторлар бўйича уйма-уй бориб тарқатилган. Ҳисоб-китобларга кўра, вилоятдаги мавжуд 544 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги моддий ёрдамга муҳтож 14 минг оиланинг 50 минг нафар аъзосига улашилган.
«Ажратилган маблағ ҳар бир фуқарога 200 минг сўмдан бўлиб берилди. Дейлик, бир оилада ишламайдиган ёрдамга муҳтож тўрт-беш киши бўлса, оилага 800 минг сўм ёки 1 миллион сўм маблағ ажратилди, — дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Дилфуза Мустафоева. — Биргина Ғиждувон туманида 1985 та муҳтож оила рўйхатга олинган бўлиб, ушбу оилада яшовчи 8145 нафар аҳоли учун умумий қиймати 745 миллион 600 минг сўм маблағ ажратилди. Бундан ташқари, тўртта сектор мутасаддилари иштирокида жами 3728 та оилага кундалик зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам тарқатилди. Шунингдек, Қоракўл туманида 2483 та оила истиқомат қилаётган бўлса, эҳтиёжманд аҳоли қатлами 10458 нафар кишидан иборат. Қоракўлликларга ҳам умумий қиймати 957,6 миллион сўм маблағ манзилли етказиб берилди».
Таъкидланишича, эҳтиёжманд оилаларга пул ва озиқ-овқат маҳсулотларидан ташқари, Қурбон ҳайити муносабати билан икки бошдан қўй ҳам берилган.
«Шофиркон туман ҳокимлиги томонидан оила аъзоларимизнинг ҳар бирига пул ва озиқ-овқат маҳсулотлари улашилганидан ташқари, қўй ҳам берилди. Қўй боқишда барака бор, деб бежизга айтишмаган. Энди бу жониворларни кўпайтириб, сигир олишга, рўзғорни сут-қатиққа тўлдиришга ҳаракат қиламан», — дейди талисафедлик Гулноза Қосимова.
Изоҳ (0)