Беларусь давлат ахборот агентлиги «Белта» 29 июль куни Минскда ҳибсга олинган жангарилари ҳақида маълумот берди.

Фото: «Белта»

Рўйхатдан 33 кишининг фамилияси ўрин олган. Гумонланувчилардан бири мамлакат жанубида қўлга олинган. Жангариларнинг ҳаммаси россияликлар, «Вагнер» хорижий ҳарбий компаниясига ишлашади, дея хабар қилган «Белта».

Агентлик ахборотига кўра, Беларусь ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига 200 нафарга яқин жангарилар сайлов кампанияси вақтида мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштириш мақсадида хориждан кириб келгани ҳақида маълумот олган.

«Белта» агентлигининг кейинги хабарида россияликлардан иборат бир гуруҳ шахслар аввалига Минскдаги меҳмонхоналардан бирига жойлашгани, кейинчалик Минск туманидаги санаторийга кўчгани қайд этилган.

«Улар россиялик туристларга хос бўлмаган хулқ-атвор намойиш қилган ва милитари услубида кийиниб юрган. Спиртли ичимликлар истеъмол қилмаган, кўнгилочар масканларга бормаган, омма олдига беҳуда чиқишдан тийилган. Гумонланувчилар кичик гуруҳларга бўлиниб ҳудудни ўрганган ва санаторий атрофини айланган», — дейилади агентлик маълумотида.

Гумонланувчилар республика давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) томонидан ОМОН гуруҳи билан ҳамкорликда ҳибсга олинган. Беларусь тергов қўмитаси россияликларга нисбатан терговни олиб бормоқда.

9 августда Беларусда навбатдаги президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Сайловларда 1994 йилдан бери давлатни бошқариб келаётган Александр Лукашенко ҳам иштирок этмоқда. Сайловолди тарғибот тадбирлари вақтида норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда, ундан аввал президентликка номзодини қўймоқчи бўлганларнинг аксар қисми, хусусан, асосий рақобатчи Виктор Бабарико ҳибсга олинган.

2020 йил июнь ойида Тut.by нашри Беларусда сайловлар вақтида қандай воқеалар юз бериши мумкинлигини тахмин қилган, жумладан, норозилик намойишлари ўтказилиши ва қўлга олинган жангарилар ҳақида хабарлар берилишини прогноз қилганди. Беларусда охирги марта 2017 йил март ойида жангариларнинг ҳибсга олингани ҳақида расмий хабар берилган.

14 июлда Беларусда президентлик сайловлари олдидан амалга оширилаётган кампания вақтида 700 нафардан зиёд одам ҳибсга олингани, уларнинг ҳар бештадан биттаси маъмурий қамоққа тушгани хабар қилинган.