«Ганновер» клуби ҳимоячиси Валдемар Антон фаолиятини «Штутгарт»да давом эттиради. Бу ҳақда «Штутгарт» расмий сайтида маълум қилинди.
Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган 24 ёшли футболчи ва клуб ўртасидаги шартнома 2024 йилнинг ёзига қадар амал қилади. Трансфер 4 миллион еврога баҳолангани хабар қилинмоқда.
2019/20 йилги мавсумда Антон иккинчи Бундеслигада 30 та ўйин ўтказиб, битта голли узатмага муаллифлик қилди.
Эслатиб ўтамиз, «Штутгарт» 2020/21 йилги мавсумда Бундеслигада ўйнайди.
Маълумот учун, Валдемар Антон Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида туғилган, кейинчалик у оиласи билан Германияга кўчиб кетган. «Ганновер» клуби тарбияланувчиси 2015 йилдан буён асосий жамоада ўйнаб келарди.
2016 йилда Ўзбекистон футбол ассоциацияси Антонни Ўзбекистон терма жамоасига таклиф қилиш бўйича музокаралар олиб боргани ҳақида хабарлар бор. Бироқ ундан кейин ушбу масала очиқлигича қолган. 2016 йилда футболчи Германия ёшлар терма жамоаси сафида битта ўйин ўтказган. Ўша йили Валдемар Россия терма жамоасида ўйнашга қарши эмаслигини айтганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)