Туркия чемпионатининг 33-тур учрашуви доирасида 19 июль, якшанба куни «Трабзонспор» клуби «Коняспор»га 3:4 ҳисобида мағлуб бўлди ва биринчи ўринда бораётган «Истанбул Башакшеҳир»га етиб олиш имкониятидан маҳрум бўлди.
Шу тариқа «Истанбул Башакшеҳир» (69) энг яқин таъқибчисини 7 очкога ортда қолдирган ҳолда мусобақа якунланишига бир тур қолганида мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Учинчи ўринни эса «Сивасспор» (60) эгаллаб турибди.
Бу Истанбул клуби тарихидаги илк чемпионлик бўлди. Илгари клуби икки бор кумуш медаллар билан тақдирланган. Яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, сўнгги 10 йил ичида илк марта «Фенербаҳче», «Бешиктош» ёки «Галатасарой» клублари Туркия чемпионлигини қўлга киритмади.
Қайд этиш жоиз, «Истанбул»да бир қатор машҳур футболчилар тўп суради. Робиньо, Мартин Шкртел, Гаэл Клиши, Элжеро Элиа, Демба Ба, Александр Эпуряну шулар жумласидандир. Жамоани эса Туркия миллий терма жамоасининг собиқ ўйинчиси Окан Бурук бошқаради.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)