Коронавирусга чалинган сирдарёлик бемор ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.
Гулистон туманида яшаган 69 ёшли Т.С. исмли эркакда 11 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва Сирдарё вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган.
Беморга миокард инфаркти, COVID-19 инфекцияси, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Мутахассислар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар ўтказилган, даволаш жараёни белгиланган стандартлар асосида олиб борилган.
Бундан аввал, 29 июнь куни бемор миокард инфаркти ташхиси билан Гулистон тумани марказий шифохонасида даволанган. Шунингдек, беморда гипертония касаллигининг ва семизликнинг 3-даражалари борлиги аниқланган.
Ушбу ҳамроҳ касалликлар фонида ташхис қўйилган касаллик асоратлари ҳисобига аҳволи кескин оғирлашган бемор мутахассислар томонидан тўлиқ ҳажмда, стандарт асосида ўтказилган реанимацион чораларга қарамасдан, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган.
69 ёшли эркак коронавирус асоратларидан вафот этган Сирдарёдаги биринчи бемор бўлди.
Бу Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисоби бўйича 82-ўлим ҳолати. «Дарё» ҳисоби бўйича яна 2 киши (ДХА ва Маданият вазирлиги ходимлари) касаллик қурбони бўлган.
Изоҳ (0)