Президент Шавкат Мирзиёев 14 июль, сешанба куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида мамлакатдаги эпидемиологик вазиятга яна бир бор алоҳида тўхталиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони кўпайиб бораётгани муносабати билан карантин талабларини яна кучайтиришга мажбур бўлинганини таъкидлади.

Нега деганда, очиқ айтиш керак, ҳозирги кунда бутун дунё коронавирус деб ном олган мана шу тилсиз ёв, кўзга кўринмас душманга қарши уруш ҳолатида турибди.

Урушга кирган ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ ўз юртини, ўз аҳолисини ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўради. Энг аввало, хавф-хатарнинг йўлини беркитади, темир интизом ўрнатади.

Қатъий сафарбарлик шароитида яшаш ва ишлашга ўтади. Бугун биз ҳам айни шундай ҳолатдамиз.

Республика махсус комиссияси томонидан вазият мунтазам таҳлил қилиниб, инфекцияни жиловлаш юзасидан барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бу касалликка қарши кураш учун бизда барча захира ва имкониятлар мавжуд.

Энг муҳими, фидойи ва жасур шифокорларимиз ўз бурчини садоқат ва матонат билан бажармоқда.

Такрор айтаман, биз энди пандемия шароитида яшашга, меҳнат қилишга ўрганишимиз шарт. Чунки ҳаёт давом этмоқда. Ҳаёт биздан ақл-идрок, сабр-тоқат, метин интизом билан ҳаракат қилишни талаб этмоқда.

Ўзимиз кўряпмиз, дунёда қайси давлатда тиббий маданият, тартиб-интизом кучли бўлса, ўша мамлакат пандемиядан энг кам талафот билан чиқмоқда.

Биз ҳам шу йўлдан боришимиз шарт. Албатта, ўтган 4 ой давомида одамларимиз кўп нарсага ўрганди. Бизда ҳам маълум бир тажриба пайдо бўлди.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссияси 10 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг мавжуд соғлиқни сақлаш муассасалари қуввати коронавирусга чалинган янги беморларни қабул қилиш учун етарли эмаслиги, «тизимни қайта тиклаш» учун 1 августгача кучайтирилган карантин тартиби қайтадан жорий этилганини маълум қилган эди.

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулла Оқилов 8 июль куни қилган чиқишида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимидаги ресурслар «поёнига етгани», бўш койка-ўринлар қолмаганини маълум қилган эди. 9 июлдаги брифингда эса Оқилов койка-ўринлар, дори захираси мавжудлигини, тизим ҳар қанча беморни қабул қила олишини таъкидлади.

Профессор Ҳабибулла Оқиловнинг таъкидлашича, агар Ўзбекистонда кунига 1-1,5 мингта касалланиш ҳолати аниқланса, соғлиқни сақлаш тизими қўшни мамлакатларники каби қулайди. Ўзбекистонда 13 июль куни 594 кишида коронавирус аниқланди.

Унинг сўзларига кўра, Зангиотадаги махсус клиника очилганига бир ҳафта бўлмасдан беморларга тўлиб бўлди. Агар касаллар сонининг ошиши шу тарзда давом этса, бошқа клиникалар ҳам коронавирусни даволаш учун мослаштирилиши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг фикрича, Ўзбекистонда коронавирус ҳали энг юқори чўққисига чиқмаган, Ўзбекистонда коронавирус авж олса, тиббиёт оғир вазиятга тушиб қолиши мумкин.