Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов касаллик аломатлари бўлмаганда аҳолини шубҳага кўра, ўзини овутиш учун тест таҳлили топширишга ҳаракат қилмасликка чақирди. Таҳлиллар фақат аниқ кўрсатма бўлганда қабул қилиниши билдирилди.
АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда «Коронавирус юқтирганликда шубҳа бўлса, қаерга мурожаат қилиш керак? Тез ёрдамга қўнғироқ қилсак СЭСга, СЭСдагилар оилавий поликлиникага мурожаат қилинг, дейди. Ҳеч қайси тайинли маслаҳат ҳам бермайди?», мазмунидаги савол келиб тушган.
Мутахассис ҳозирги кунда ҳудудидан қатъий назар барча оилавий ва кўп тармоқли поликлиникаларда (жумладан, Тошкент шаҳридаги 64 та поликлиникада) мобил тезкор эпидемиологик бригадалар ташкил қилинганини билдирди. Улар таркибида инфексионист, эпидемиолог ва умумий амалиёт шифокори мавжуд бўлиб, улар жойларда вазиятни ўрганади ва уй шароитида ёки касалхонада даволаниш бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқига эгалиги таъкидлаб ўтилди.
Маълумот учун, 8 июлдан буён Ўзбекистонда кунлик касалланганлар сони 400 нафардан ошмоқда. 9—12 июль кунлари Тошкент шаҳрида аниқланган касалланиш ҳолатларининг 599 таси аҳоли орасида ва бор-йўғи 8 таси карантиндагилар орасида қайд этилди. 13 июль куни ҳам Тошкент шаҳрида аниқланган 217 та ҳолатнинг барчаси (соат 10:00 ҳолатига кўра 142 кишида, соат 17:00 ҳолатига кўра 75 кишида) аҳоли орасида аниқланган эди.
Изоҳ (0)