«Давергеодезкадастр» қўмитаси тизимида бугунгача 6 нафар ходим коронавирусга чалинган. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълум қилди.
Хабарда айтилишича, «Давергеодезкадастр» қўмитаси тизимида 10 мингдан ортиқ ходимлар фаолият олиб борса, бугунгача 6 та ходимда коронавирус аниқланган ва карантинга олинган. Уларнинг 3 нафари Тошкент вилоятида, 2 нафари Хоразм вилоятида, яна бири Қашқадарё вилоятида қайд этилган.
Ҳозирда мазкур ходимларнинг 2 нафари тўлиқ соғайган, 4 нафари шифохонада стационар ҳолатда даволаниш жараёнида.
«Бугун ҳеч ким вирус бизнинг шаҳримизга, туманимизга, маҳалламизга келмаган деб кафолат бера олмайди. Қўмита жамоаси номидан барча юртдошларимиз огоҳ бўлиб, карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ўзингиз, оилангиз ва яқинларингизни эҳтиёт қилишингизни сўраймиз», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси ходимида коронавирус аниқлангани, ҳукумат биноси қатъий карантинга олингани, «Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш маркази» Жиззах шаҳар бўлимининг бир нафар ходимида COVID-19 инфекцияси аниқланганлиги сабабли ушбу марказ ва шаҳар ҳокимлиги биноси карантинга олингани хабар берилган эди.
Шунингдек, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳам коронавирусга чалиниб, соғайди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мадина Баратова уч кундан буён коронавирусга топширган тести жавобини ололмаётганини, Адлия вазири маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатова коронавирусга оилавий чалингани ва COVID-19’га тест топшира олмаётганини билдирган.
Изоҳ (0)