Андижонда Captiva русумли автомобилни таъқиб қилиб, машина ичидагиларни калтаклаган ва уларнинг 500 АҚШ долларини олиб қочган тўрт нафар шахс ушланди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Маълумотларга кўра, 6 июль куни соат 23:00 ларда С.И. ва З.А. Captiva’да Боғишамол даҳаси ҳудудидан Андижон шаҳрига қараб ҳаракатланиб кетаётган бўлган. Matiz русумли автомашинада бўлган 4 киши уларнинг автомобилини тўхтатмоқчи бўлган, бироқ улар тўхтамасдан Андижон—Асака йўналиши бўйлаб ҳаракатни давом эттирган. Captiva Андижон туман «Терактаги» маҳалласи ҳудудига етган вақтда Matiz уларни таъқиб қилиб бориб, йўлнинг четига тўхташга мажбур этган. Машина ичидан шахслар Captiva ҳайдовчиси ва унинг ҳамроҳини калтаклаб, уларга тегишли 500 АҚШ доллари ва 60 минг сўм пулларини олиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида мазкур жиноятни 29 ёшли Д.О., 32 ёшли Қ.Ш., 24 ёшли Р.С. ва А.Н. содир этганлиги аниқланиб, ҳодиса жойи тергов-тезкор гуруҳи томонидан кўздан кечирилиб, Matiz русумли автомашина жарима майдонига олиб кирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Андижон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми «а», «в» бандлари (Талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши бўйича А.Н., Д.О., Р.С. ва Қ.Ш. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Аввалроқ Фарғонада Nexia’ни тўхтатиб, унинг ичидан катта миқдордаги пул ва ҳайдовчининг телефонини талончилик йўли билан тортиб олган жиноий гуруҳ вакиллари ушлангани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)