Суперкарлар ишлаб чиқариш билан шуғулланучи Lamborghini компанияси Италия автозаводининг ичида амалга ошириладиган ишлар ва Huracan Evo моделини йиғиш жараёнлари тасвирланган 48 дақиқали ҳужжатли фильм билан бўлишди.

Фото: Motor

Ҳужжатли фильмда Санта-Агата-Болоньезеда жойлашган Lamborghini’нинг ягона автозаводи ичи қандай кўринишга эга эканлиги намойиш этилган. 48 дақиқа давомида томошабин Huracan Evo’ни ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини — моделни лойиҳалашдан тортиб, тайёр суперкар ҳолига келгунига қадар бўлган жараёнларни томоша қилиши мумкин.

Lamborghini компанияси суперкарларнинг қўлда йиғилиши билан машҳурликка эришган. Роликдан кўриш мумкинки, бренднинг завод томонидан яратилган ҳар бир автомобили италиялик муҳандисларнинг қўлда яратилган ҳақиқий ижоди ҳисобланади. Бундан ташқари, фильмда ишлаб чиқариш жараёнлари тарихий кадрлар ва пойга борасида муваффақиятлар билан бойитилган.

Маълумот учун, Lamborghini Huracan Evo моделига 640 от кучи ва 600 Нм айланувчи моментга эга 5,2 литрли V10 двигатели ўрнатилган. Суперкар агрегати етти поғонали «робот» узатмалар қутиси ёрдамида бошқарилади. Модель соатига 100 километр тезликка 2,9 сонияда эришади, максимал тезлиги эса 325 км/соатга тенг.

Аввалроқ Volkswagen компанияси e-Golf электрохэтчбекини буюртма қилган мижозларга 215 евро эвазига ўз машинасининг йиғилишини томоша қилиш имконини берадиган янги хизмат турини йўлга қўйган эди.