Охирги бир сутка ичида камида 23 нафар одам Ҳиндистон шимолидаги Уттар-Прадеш штатида яшин уриши оқибатида ҳалок бўлди ва 29 киши турли тан жароҳатлари олди. Бу ҳақда маҳаллий бошқарув органлари берган маълумотга таяниб NDTV телеканали ҳамда India Today журнали хабар қилган.
Бундан ташқари Мирзапурда 10 нафар одам, Праяградада 9 киши, Бҳадохида 6 киши, Каусамбида 4 киши жиддий даражада куйгани маълум қилинган.
25 июнда Ҳиндистон ҳудудига кетма-кет тушган яшин оқибатида мамлакат шарқи ва шимолида жами 107 киши ҳалок бўлганди. The Times of India нашри берган маълумотга кўра, табиий офат туфайли Бихар штатининг 83 нафар ва Уттар-Прадеш штатининг 24 нафар фуқароси вафот этган. Одамларнинг аксарияти момақалдироқ бошланган вақтда дала майдонидаги ишини давом эттирган. Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ўзининг Twitter’даги саҳифаси орқали ҳалок бўлганларнинг оиласига ҳамдардлик билдирган. Унинг сўзларига кўра, штатлар ҳукумати ҳалок бўлганларнинг оиласига моддий ёрдам кўрсатади.
2019 йил июль ойида Ҳиндистонда яшин уриши оқибатида дастлаб 32 киши, кейинчалик 51 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар берилган.
Изоҳ (0)