Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази клиникасида 82 нафар, Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасида 50 нафар, шаҳар 1-сон клиник шифохонасида 45 нафар, жами 177 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор соғайиб, 27 июнь куни ўз уйига кузатилди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.

Бундан аввал Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 7 нафар, Хоразм вилоятида 18 нафар бемор соғайгани хабар берилган эди. Шу тариқа 27 июнь куни жами 202 нафар бемор коронавирусдан тузалди ва соғайиш кўрсаткичи бўйича янги рекорд ўрнатилди.

Эслатиб ўтамиз, охирги рекорд кўрсаткич 25 июнь куни қайд этилган бўлиб, 192 нафар бемор тузалган ва уйига кузатилганди. 26 июнь куни эса Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги тиббиёт муассасаларидан 161 нафар бемор кузатилди.

Кун давомида пойтахтдаги тиббиёт муассасаларида 184 нафар бемор коронавирус инфекциясидан тузалиб, айни пайтгача Тошкент шаҳри ва вилоятида COVID-19’дан соғайганлар сони 3044 нафарга етди.

Ҳозирда Ўзбекистон бўйлаб соғайганлар сони 5240 нафарни ташкил этмоқда. Республиканинг турли касалхоналарида 2291 нафар бемор белгиланган стандартлар асосида даволанишда давом этмоқда.